Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4490 марта ўқилди

Қандай асосда ва тартибда такроран сайлов ўтказилади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида битта номзод иштирок этган бўлса ва у зарур миқдорда овоз тўплай олмаган бўлса, Марказий сайлов комиссияси такрорий сайлов тайинлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий сайлови ҳам Сайлов Кодексида асосий сайловни ўтказиш учун белгиланган айни тартибда ва айни шартларга риоя этган ҳолда ўтказилади. Бунда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонунчилик бузилиши аниқланган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий сайлови асосий сайлов ўтказилганидан кейин қирқ кун ичида ўтказилади.
Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

  • агар сайлов округи бўйича сайлов ўтмаган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;
  • агар такрорий овоз бериш сайланган депутатни аниқлаш имконини бермаган бўлса;
  • агар сайлов округи бўйича кўпи билан икки номзод қўйилган бўлса ва улардан ҳеч бири сайланмаган бўлса.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови тегишли сайлов комиссиясининг топшириғига биноан округ сайлов комиссияси томонидан ўтказилади. Бунда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонунчилик бузилиши аниқланган тақдирда, тегишли сайлов комиссияси такрорий сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.
Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови асосий сайловдан кейин кечи билан бир ойлик муддат ичида ўтказилади. Сайлов комиссияларини тузиш, номзодларни рўйхатга олиш ва бошқа тадбирлар Сайлов Кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Сиёсий партиялар ва фраксияларнинг фарқи нимада ёки бу синоним сўзларми?

Йўқ, бу синоним сўзлар эмас. Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир. Фракция эса қонунчилик палатасида ўз манфаатларини ифода етиш мақсадида сиёсий партия томонидан кўрсатилган депутатлар томонидан тузилган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган депутатлик бирлашмаси.

Сиёсий партия очиш учун нима қилишим керак?

Сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.
Сиёсий партия тузиш ташаббускорлари камида эллик кишидан иборат бўлиши, улар партия таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съезди ёки конференциясини чақириш бўйича ташкилий қўмитани тузишлари лозим.
Ташкилий қўмита ўзи тузилган кундан бошлаб етти кунлик муддатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ўз ташаббуси, қўмитанинг таркиби, раҳбари (етакчиси), жойлашган манзили ҳамда таъсис съезди ёки конференцияси чақириладиган санани ёзма равишда хабар қилиши лозим.
Ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб узоғи билан уч ой фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгадир.
Сиёсий партия таъсис съездида ёки конференциясида тузилади.
Таъсис съезди ёки конференцияси партия устави ва дастурини қабул қилади, унинг сайлаб қўйиладиган органларини тузади.

Мен Тошкент шаҳрида яшайман, лекин пропискам Самарқанд шаҳрида. Яқинда депутатлар сайлови бошланади, шу сабабли сўрамоқчи эдим, мен Тошкент ва Самарқанд шаҳрида яъни 2 та жойда овоз бера оламанми?

Сайлов кодексининг 5-моддасига кўра, сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. 

Chat