Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17740 марта ўқилди

Қайси ташкилот ногиронларга ижтимоий ёрдам беради? 

Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам:

  • маҳаллий давлат ҳокимияти органлари; 
  • соғлиқни сақлаш;
  • халқ таълими органлари;
  • бошқа давлат органлари томонидан тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг хулосалари асосида кўрсатилади.

Фуқаро қандай қилиб ногирон деб топилади?

Фуқарони ногиронлиги бўлган шахс деб топиштиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан, ўн саккиз ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш эса — педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Шахс тиббий-ижтимоий экспертизага давлат тиббиёт муассасаси томонидан юборилади, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотлари ногиронлиги белгилари аниқ кўриниб турган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувларни ўтказмасдан туриб, тиббий-ижтимоий экспертизага юборишга ҳақли.
Агар шахс соғлиғининг ҳолатига кўра тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаса ва бу тиббиёт муассасасининг хулосаси билан тасдиқланса, тиббий-ижтимоий экспертиза уйда ёки шахс даволанишда бўлган стационарда ўтказилиши мумкин.
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг мажлисларида маҳаллий меҳнат органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, касаба уюшмаларининг, суғурта ташкилотларининг ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этиши мумкин.
Текширувдан ўтказиш тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан ўн календарь кундан кечиктирмай тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ўтказилади. Тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтиш учун юборилган шахс тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан текширувдан ўтказиш куни тўғрисида тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан икки иш куни ичида хабардор қилинади. Ногиронлик аниқланган тақдирда, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ҳужжатлар қабул қилинган санадан бошлаб фуқаро ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилади.
Тиббий-ижтимоий экспертиза натижалари бўйича ногиронлиги бўлган шахс деб топилган фуқарога — ногиронлик гуруҳи, унинг белгиланиш сабаби ва муддатлари, ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга эса қайта текширувдан ўтиш муддати билан — «Ногиронлиги бўлган болалар» тоифаси белгиланади.
Қайта текширувдан ўтказиш муддати кўрсатилмайдиган ногиронлик инсон аъзолари функцияларининг ҳамда организми тизимларининг барқарор, аслига қайтариб бўлмас тарздаги морфологик ўзгаришлари ва бузилишлари мавжуд бўлган, амалга оширилган реабилитация тадбирларининг самарасизлиги оқибатида касалликнинг кечиши ва соғлиқнинг тикланишини, ижтимоий мослашувни яхшилаш мумкин бўлмаган тақдирда, белгиланган тартибда тасдиқланган касалликлар ва анатомик нуқсонлар рўйхатига мувофиқ белгиланади.
Кўрсатилган муддатлардан олдин қайта текширувдан ўтказиш соғлиқнинг ҳолати ва ҳаёт фаолиятининг чекланганлик даражаси ўзгарганда ёки тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари асосланмаган қарор қабул қилганлиги фактлари аниқланганда ёхуд юқори турувчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан назорат вазифаси бажарилганда амалга оширилади.
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари зарур ускуналар билан жиҳозланган давлат тиббиёт муассасаларига бепул текширувлар ўтказиш учун бириктириб қўйилади.
Давлат бошқаруви органлари ва бошқа давлат ташкилотлари ногиронликнинг юзага келишига таъсир этувчи омиллар ҳамда шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида ногиронликка олиб келувчи касалликлар юзага келишининг ишлаб чиқариш, ижтимоий, экологик ва бошқа сабабларини таҳлил қилишни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, ногиронликни ҳисобга олиш ва ногиронлик тузилмасини таҳлил қилиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг (болаларнинг) шахсий йиғмажилдларини юритади.
Ногиронликни белгилаш мезонлари ва механизмлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ногиронларга давлат томонидан ижтимоий ёрдам умуман нималардан иборат?

Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдамнинг қуйидаги турлари кўрсатилади:

  • пул тўловлари (пенсиялар, нафақалар, бир йўла бериладиган тўловлар);
  • реабилитация қилишнинг техник воситалари, сурдотехника, тифлотехника воситалари ёки бошқа воситалар, шу жумладан ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия мосламалари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтирувчи аппаратлар ва сигнализаторлар, субтитрли ёки сурдотаржимали видеоматериаллар, шунингдек автомобиллар билан таъминлаш;
  • тиббий, ижтимоий, касбий, жисмоний реабилитация қилиш бўйича хизматлар ва маиший хизматлар;
  • транспорт хизматлари;
  • дори воситалари билан таъминлаш.

Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими органлари, бошқа давлат органлари томонидан тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг хулосалари асосида кўрсатилади.
Ногиронлиги бўлган, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қобилиятини қисман ёки тўлиқ йўқотган ва ўзгаларнинг доимий парваришига муҳтож бўлган шахсларга уларнинг уйида ҳамда ваколатли давлат органларининг ихтисослаштирилган стационар муассасаларида қонунчиликда белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилади. Бу муассасаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда ҳаёт фаолияти учун тегишли шарт-шароитлар таъминланади, тиббий хизматлар кўрсатилади, шунингдек меҳнат фаолияти ва дам олиш ташкил этилади.
Иш берувчининг айби билан меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган ногиронлиги бўлган шахслар тиббий кўрсатмаларга биноан иш берувчининг (ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар) маблағлари ҳисобидан реабилитация қилишнинг техник ва махсус транспорт воситалари билан таъминланади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлиги бўлган шахсларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча ижтимоий кафолатлар белгилаш ҳуқуқига эга.
Ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек дори воситалари, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эга.

 

Chat