Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5334 марта ўқилди

Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.07.2021 йилдаги ПФ-6257-сон Фармони қабул қилинди.

Кенг жамоатчиликнинг фикри ва таклифларини инобатга олиб, давлат бошқарувини коррупциядан холи соҳага айлантириш мақсадида Агентлик томонидан «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри» (Реестр) юритилиши таъминланди.

Реестрга коррупция жиноятларини содир этган шахслар киритилади.

Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:
  • давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши;
  • сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши;
  • давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш;
  • улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиш, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиш;
  • давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.

2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилди.

Қуйидагиларга мувофиқ тартиб ўрнатилди:
  • давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлади;
  • 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади (хорижда ишлаётган давлат хизматчилари ва давлат хизматига киришдан олдин олинган мол-мулк бундан мустасно).

Chat