Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6483 марта ўқилди

Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисига мазкур хизматчининг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш — БҲМнинг 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ходимнинг тижоратда пора эвазига оғдириб олиш жиноий жавобгарликка тортилади.


Давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисига мазкур хизматчининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш — БҲМнинг 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши — БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора олиш:

  • а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари Жноят Кодекснинг 211 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
  • б) кўп миқдорда;
  • в) тамагирлик йўли билан;
  • г) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса — 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора олиш:

  • а) жуда кўп миқдорда;
  • б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса — 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

!Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда 30 сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.


Пора олиш-беришда воситачилик қилиш, яъни пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган фаолият, шунингдек манфаатдор шахсларнинг топшириғи билан порани бевосита бериш — БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

!Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда 30 сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.

Chat