Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3469 марта ўқилди

"2022 — 2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, айниқса, Мўйноқ туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи матнли, видео материалларни қорақалпоқ, ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрлаб, оммавий ахборот воситаларида, жумладан, телевидение ва радиода мунтазам ёритиб борилади ҳамда туристик объектларга тарқатилади.
Хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогер ва влогерлар иштирокида инфотурлар ташкил қилиниб, улар ёритиб борилади.
Оролбўйи минтақасининг ижтимоий ва маданий-маърифий салоҳиятини янада ошириш бўйича «Орол орзуси» дастурида белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги икки ой муддатда Элликқалъа туманидаги «Шарқ юлдузи» овул фуқаролари йиғинининг «Ақчакўл» ҳудудида туристик дам олиш масканлари, савдо-кўнгилочар хизматларини ташкил этиш ва шу мақсадда зарур инфратузилмани барпо қилиш бўйича ҳудуднинг бош режаси ишлаб чиқилади, икки ой муддатда Жамғарма маблағлари ҳисобидан Чимбой тумани «Кокшиқалъа» маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган ўтов (қора уй) тайёрловчи ҳунармандлар устахоналарини миллий кўринишда таъмирлаш ва ҳудудни ободонлаштириш ишларини ташкил қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда: 

  • Оролбўйи муаммолари, уларни бартараф этиш ҳамда минтақада туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан жаҳон ҳамжамиятини яқиндан таништириш, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар грантлари ва инвесторларнинг маблағларини ҳудудга жалб қилиш;
  • хорижий ҳамкорлар учун «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро мулоқот платформасини ташкил этиш ва Мўйноқда халқаро конференция ўтказиш;
  • «яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар томонидан Оролбўйи минтақасининг иқлимига мос дарахт ҳамда саксовул кўчатларини экишни тарғиб қилиш;
  • республикадаги ёшларнинг Мўйноқ туманига ташрифини ташкил этиш, маҳаллий ёшлар иштирокида маданий-кўнгилочар тадбир ва экологик акциялар ташкил этиш чораларини кўради. 
Chat