Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15435 марта ўқилди

Микроиқлим нима?

Хона микроиқлими — ҳаво ҳарорати, нисбий намлик, ҳаво ҳаракати ва ҳаво алмашинуви каби инсоннинг саломатлиги ва иш қобилиятига таъсир қилувчи кўрсаткичлар мажмуаси.

Таълим ташкилотида барча хоналар учун битта умумий ҳарорат кўрсаткичи белгиланмаган. Меъёр синф, лаборатория, устахона, ётоқхона ёки АКТ хонаси эканига қараб белгиланади.

Оддий синф хонасида ҳарорат қанча бўлиши керак?

Совуқ мавсумда синф, ўқув хонаси, лаборатория, мусиқа синфи ва кутубхонанинг ўқиш қисми учун ҳисобий ҳарорат иқлим зонасига қараб:

  • I ва II зоналарда — камида 20°C;
  • III зонада — камида 21°C этиб белгиланган.

Иссиқлик комфортининг чегаравий ва оптимал кўрсаткичлари бундан юқори бўлиши мумкин. 1–4-синфлар ва бино бурчагида жойлашган хоналарда ҳароратни жадвалдаги кўрсаткичдан 1–2°C юқори белгилаш тавсия этилади.

Ҳаво алмашинуви ҳисоб-китоб асосида, бироқ ҳар бир киши учун соатига камида 20 м³ бўлиши керак.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича энг паст ҳарорат қанча?

Иш жойларида ҳарорат:

  • енгил жисмоний ишда — 21°C дан;
  • ўртача оғир ишда — 17°C дан;
  • оғир жисмоний ишда — 16°C дан паст бўлмаслиги керак.

Ушбу кўрсаткичлар ишнинг оғирлигига боғлиқ меҳнатни муҳофаза қилиш меъёрлари бўлиб, ҳар бир синф хонасининг ягона санитария меъёри ҳисобланмайди.

Физика лабораториясида қандай меъёр бор?

Физика ўқув лабораториясида:

  • ҳарорат доимий равишда 18–21°C;
  • ҳавонинг нисбий намлиги 40–60 фоиз бўлиши керак.

Лабораторияда шамоллатиш, электр ва бошқа муҳандислик тизимлари хавфсиз ҳолатда бўлиши шарт.

Компьютер хонасида ҳарорат қанча бўлиши керак?

АКТ ва компьютер ўқув хоналарида:

  • оптимал ҳарорат — 18–20°C;
  • рухсат этилган ҳарорат — 18–22°C;
  • нисбий намлик — 40–60 фоиз;
  • ҳаво ҳаракати тезлиги — 0,1 м/с дан ошмаслиги керак.

Компьютерлар иссиқлик чиқаргани сабабли хонани мунтазам шамоллатиш ва ҳаво айланишини таъминлаш муҳим.

Ҳарорат талабга жавоб бермаса нима қилиш керак?

Ўқувчи ёки ота-она:

  1. синф раҳбари ёки мактаб маъмуриятига хабар бериши;
  2. хона ҳароратини термометр билан ўлчашни сўраши;
  3. натижани далолатнома ёки ёзма мурожаатда қайд этишни талаб қилиши;
  4. иситиш, шамоллатиш ёки бошқа камчиликни бартараф этишни сўраши мумкин.

Муаммо ҳал этилмаса, ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими органига ёки ваколатли санитария-эпидемиология органига мурожаат қилиш мумкин.

Chat