Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 34631 марта ўқилди

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши нима?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши — фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатлари, ҳудуднинг тарихий хусусиятлари, миллий ва маънавий қадриятлар, маҳаллий урф-одат ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда мустақил ҳал этиш борасидаги фаолияти.

Ушбу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланади. Фуқаролар шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва маҳаллаларда ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини фуқаролар йиғинлари орқали амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди. Улар маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни қонун доирасида мустақил ҳал қилиш ҳуқуқига эга ва юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади.

Фуқаролар йиғини нима?

Фуқаролар йиғини тегишли ҳудуд аҳолисининг манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан шу ҳудуд доирасида амал қиладиган қарорларни қабул қилади.

Фуқаролар йиғинида 18 ёшга тўлган ва тегишли ҳудудда доимий яшаётган шахслар қатнашади. Фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар ўзини ўзи бошқаришда тенг ҳуқуққа эга.

Фуқаролар йиғинининг қандай органлари бор?

Фуқаролар йиғинининг органлари:

  • фуқаролар йиғини кенгаши;
  • фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар;
  • тафтиш комиссиясидан иборат.

Фуқаролар йиғини ўзи тасдиқлайдиган низом асосида фаолият юритади. Намунавий низом Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Маҳалла қарорлари мажбурийми?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлар тегишли ҳудудда яшовчи фуқаролар, шу ҳудудда жойлашган юридик шахслар ва уларнинг мансабдор шахслари учун мажбурий ҳисобланади.

Бундай қарорлар уларни қабул қилган орган ёки мансабдор шахс томонидан бекор қилиниши ёхуд суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Chat