Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5748 марта ўқилди

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида маслаҳат марказлари ташкил этишга ҳақли.

Маслаҳат марказлари юридик шахс бўлмайди. Маслаҳат марказлари фаолияти билан боғлиқ харажатлар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланиши мумкин.
Давлат органлари маслаҳат марказлари фаолиятини ташкил этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашади, маслаҳат марказлари ўз вазифаларини амалга ошириши учун фуқаролар йиғинларига белгиланган тартибда бинолар беради. Тегишли ҳудудда жойлашган таълим муассасалари фуқаролар йиғини сўровига биноан маслаҳат марказларига қисқа муддатли курсларни ўтказиш учун ўқув жараёнларидан бўш бўлган ўқув хоналарини бериб туриши мумкин.

Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар маслаҳат марказларининг ишида қатнашиши, хусусан, қисқа муддатли курсларда таълим бериши, тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатлар бериши мумкин.

Маслаҳат марказлари:
  • тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилмоқчи бўлган, тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби, тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги ва солиқ тўғрисидаги қонунчилик асосларини ўргатиш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этади, шунингдек уларга тадбиркорлик фаолияти субъектларига қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва преференциялар ҳақида маълумот беради;
  • бандликка кўмаклашиш марказлари билан биргаликда ёшларнинг тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга жойлашишига, уларнинг ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, шунингдек ҳунармандларга бириктирилишига кўмаклашади;
  • тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашади;
  • тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти субъектларига, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолияти субъектларига қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, преференциялардан фойдаланишда, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида кредит олиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашади.

  • Маслаҳат марказлари қонунчиликка мувофиқ бошқа фаолиятни ҳам амалга ошириши мумкин.
  • Маслаҳат маркази тўғрисидаги низом фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланади.
Chat