Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4787 марта ўқилди

Кексалар учун 152 та туман ва шаҳарда «Нуронийлар маскани» мажмуалари ташкил этилди, барча ишловчи пенсионерларга пенсияларни тўлиқ миқдорда тўлаш йўлга қўйилди, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил этилди, «Кексалар ҳафталиги» ва «Кексалар учун туризм ойлиги»ни ўтказиш анъанага айланди.

Ўзбекистон Республикаси Қамбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги унга юклатилган асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, маҳаллаларда нуроний ва кексалар билан ишларни такомиллаштириш йўналишида қуйидаги тадбирларни амалга оширади:

  • маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини қарор топтиришда ташаббускорлик кўрсатаётган ижтимоий фаол нуронийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;
  • вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлардаги «Фахрийлар кенгашлари», фуқаролар йиғинларидаги «Кексалар маслаҳати» гуруҳларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш;
  • «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳолидан доимий хабар олиш тизимини ташкил қилиш ҳамда ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш;
  • кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида «Нуронийлар маскани» мажмуаларида ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш;
  • фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари ва маҳаллалардаги бошқа жамоатчилик тузилмаларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш.

Маҳаллаларда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар, мактабларда ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, давомати, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш даражаси ва бошқа давлат хизматларининг кўрсатилиши бўйича нуронийларнинг жамоатчилик назорати ўрнатилди.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
  • а) Жамғарма маблағлари ҳисобидан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;
  • б) Жамғарма маблағлари ҳисобидан шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;
  • в) Жамғарма маблағлари ҳисобидан оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади.
  • Бунда, дори воситаларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг қарори қабул қилинган кундаги дори воситаларининг тегишли суммаси компенсация қилинади;
  • г) Жамғарма маблағлари ҳисобидан кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади.
  • Бунда, абонемент харажатларининг бир ойлик суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан ошмаган ҳолда спорт йўналишидаги муассасаларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб борилади;
  • д) Жамғарма маблағлари ҳисобидан давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.

Chat