Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6441 марта ўқилди

Жамоа келишуви якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ходимлар учун ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида тарафларнинг меҳнат шароитларини, бандликни ҳамда ижтимоий кафолатларни белгилашга доир мажбуриятларини ўз ичига олган, ходимлар ва иш берувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини келишиб олиш мақсадида тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.

Жамоа келишувлари ёзма шаклда тузилади.

Тартибга солинадиган муносабатлар соҳасига қараб ҳудудий, тармоқ ва бош жамоа келишувлари тузилиши мумкин.

 

Жамоа келишувларининг мазмуни ва тузилиши

Жамоа келишувларида:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат шартлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат ва дам олиш режими тўғрисидаги;
  • меҳнатга ҳақ тўлашни нархларнинг ўзгаришларидан, инфляция даражасидан, жамоа келишувларида белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда тартибга солиш механизми ҳақидаги;
  • энг кам миқдори қонунчиликда назарда тутиладиган компенсация тарзидаги қўшимча тўловлар тўғрисидаги;
  • ходимларнинг бандлигига, уларни касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга, уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш ҳақидаги;
  • экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда ишлаб чиқаришда ходимларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тўғрисидаги;
  • ходимларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича махсус тадбирлар ҳақидаги;
  • давлат ташкилотларини хусусийлаштириш чоғида ходимларнинг манфаатлари ҳисобга олиниши тўғрисидаги;
  • юқорироқ даражада ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар ва бошқалар) учун қўшимча иш ўринлари ташкил этаётган иш берувчиларга бериладиган имтиёзлар ҳақидаги;
  • ижтимоий шерикликни ва уч томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, жамоа шартномаларини тузишга кўмаклашиш, меҳнат низоларининг олдини олиш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш тўғрисидаги қоидалар назарда тутилиши мумкин.

Жамоа келишувларида қонунчиликка зид келмайдиган бошқа меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир қоидалар бўлиши мумкин.

Жамоа келишувлари шартларининг ҳақиқий эмаслиги

Жамоа келишувларида:

  • ходимларнинг ҳолатини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, шунингдек амал қилиши ушбу ходимларга нисбатан татбиқ этиладиган юқорироқ даражадаги жамоа келишувларига қараганда ёмонлаштирадиган;
  • меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган;
  • мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган;
  • ижтимоий шерикликнинг тегишли даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалардан ташқарига чиқадиган шартлар бўлмаслиги керак.

Агар жамоа келишувида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар бўлса, бундай шартлар ҳақиқий эмасдир. Жамоа келишуви айрим шартларининг ҳақиқий эмаслиги жамоа келишувининг умуман ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлмайди.

Тарафлар томонидан имзоланган жамоа келишуви, унинг иловалари 7 кунлик муддатда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан жамоа келишуви тарафларига, шунингдек хабардор қилиш тартибида рўйхатга олиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясига юборилади.

  • Жамоа келишувининг кучга кириши уни хабардор қилиш тартибида рўйхатга олиш фактига боғлиқ бўлмайди.
  • Жамоа келишувининг амал қилиши вакиллари ушбу келишувни тузган ходимлар ва иш берувчиларга нисбатан татбиқ этилади.

Жамоа келишуви у имзоланган кундан эътиборан ёки жамоа келишувида белгиланган кундан эътиборан кучга киради ҳамда ушбу келишувда назарда тутилган муддат ичида, бироқ кўпи билан 3 йил амал қилади. Кўрсатилган муддат тугагач, жамоа келишуви тарафлар янгисини тузгунига ёки амалдаги жамоа келишувига ўзгартиш ва қўшимчалар киритгунига қадар бўлган даврда амал қилади. Жамоа келишувининг амал қилиш муддати тугагунига қадар тарафлар уни узайтириши мумкин.

Жамоа келишувлари имзоланган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай оммавий ахборот воситаларида ёки улар тарафларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.

Chat