Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4597 марта ўқилди

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қиладилар.

Референдум ўтказувчи округ комиссияси манфаатдор ташкилотдан, фуқаролар ташаббускор гуруҳидан ариза олганидан кейин 5 кун ичида мандатни кузатувчи учун беради. Бошқа давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
  • референдум ўтказувчи округ ва участка комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
  • референдум участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва овоз бериш қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, овоз бериш бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;
  • овозларни санаб чиқишда ва референдум ўтказувчи участка комиссиясининг овоз бериш якунлари тўғрисидаги баёнини тузишда ҳозир бўлиш;
  • овоз бериш натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли референдум ўтказувчи комиссия томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва олиш;
  • агар референдумда ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида референдум ўтказувчи юқори комиссияга маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:
  • овоз берувчи овоз бериш бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
  • овоз берувчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиш;
  • овоз берувчилардан улар қандай овоз берганликларини суриштириш ёки уларга овоз бериш бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
  • референдум ўтказувчи участка комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан овоз бериш қутиларини муҳрлаш, уларни очиш, овозларни санаб чиқиш чоғида аралашиш.

Кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида 3 кун олдин хабардор қилиши керак.

Chat