Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4964 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси референдум ўтказиш ташаббусини кўрсатиш тўғрисидаги материалларни ва масъул қўмитанинг хулосасини 2 ҳафта ичида кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

  • референдумни тайинлаш ва уни ўтказишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;
  • референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида;
  • референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусда таклиф қилинган қонунни ёки бошқа қарорни референдум ўтказмасдан туриб қабул қилиш ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг референдум масаласига доир қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида қарор қабул қилса, айни шу мазмун ёки маънодаги таъриф билан референдум ўтказиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун 1 йил ўтганидан кейингина такроран киритилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати референдум ўтказиш ташаббусини кўрсатиш тўғрисидаги материалларни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг референдум ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисидаги қарорини, шунингдек масъул қўмитанинг мазкур масала бўйича хулосасини 2 ҳафта ичида кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

  • референдумни тайинлаш ва уни ўтказишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;
  • референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг референдум масалаcига доир қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати референдумни ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мазкур масалага доир қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ушбу масала юзасидан қарор қабул қилган кундан эътиборан кечи билан 3 кун ичида матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг референдумни ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисидаги қарорларида уни ўтказиш санаси белгиланади, бунда овоз бериш палаталарнинг қарорлари эълон қилинган кундан эътиборан бир ярим ойдан 3 ойгача бўлган даврда исталган кунга тайинланиши мумкин.

Chat