Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 36178 марта ўқилди

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тушунчаси ва асослари:

Меҳнат шартномасини бекор қилиш деганда ушбу Кодексда назарда тутилган асослар бўйича ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни тугатиш тушунилади.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:

  • 1) тарафларнинг келишуви (ушбу Кодекснинг 157-моддаси);
  • 2) меҳнат шартномаси муддатининг тугаши (ушбу Кодекснинг 158-моддаси);
  • 3) меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш (ушбу Кодекснинг 160-моддаси);
  • 4) меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш (ушбу Кодекснинг 161-моддаси);
  • 5) ташкилот мулкдорининг алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши (ушбу Кодекс 156-моддасининг бешинчи қисми);
  • 6) ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши (ушбу Кодекс 137-моддасининг тўртинчи қисми);
  • 7) ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши (ушбу Кодекс 146-моддасининг бешинчи қисми);
  • 8) ходимнинг тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаган тақдирда (ушбу Кодекс 143-моддасининг иккинчи қисми);
  • 9) тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (ушбу Кодекснинг 168-моддаси);
  • 10) янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этиш (ушбу Кодекснинг 169-моддаси);
  • 11) ушбу Кодекс ёхуд бошқа қонунлар алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнатга оид муносабатларни тугатишнинг қўшимча асослари тўғрисидаги шартни назарда тутиш имкониятини мустаҳкамлайдиган ҳолларда меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар.

Меҳнат шартномаси ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ўзга асослар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин.

Ташкилотнинг мулкдори алмашганда, ташкилот қайта ташкил этилганда, унинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганда меҳнат шартномаси амал қилишининг давом этиши:

Ташкилотнинг мулкдори алмашганда, худди шунингдек ташкилот қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда, бўлинганда, ажратиб чиқарилганда, ўзгартирилганда) якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг розилиги билан давом эттирилади.

Янги мулкдор ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан ушбу Кодекс 489-моддасининг биринчи қисми 1-бандига мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Ташкилотнинг бошқа ходимлари билан меҳнат шартномасини фақат ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ бекор қилиш мумкин.

Ташкилотнинг мулкдори алмашганда ходимлар сонини ёки штатини ўзгартиришга фақат мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин йўл қўйилади.

Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш:

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек муддатли меҳнат шартномаси исталган вақтда тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиниши мумкин. Меҳнат шартномаси мазкур асос бўйича бекор қилинадиган сана ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилади, унда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шарт.

Муддатли меҳнат шартномасини унинг муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш:
  • Муддатли меҳнат шартномаси унинг амал қилиш муддати тугаши билан бекор қилинади. Меҳнат шартномасини унинг амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан бекор қилиш тўғрисида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ушбу асос бўйича тугатишга қарор қилган тараф бошқа тарафни меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар камида 3 календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак, бундан иш жойи (лавозими) сақланаётган ходим йўқ бўлган даврга тузилган муддатли меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугайдиган ҳоллар мустасно.
  • Агар меҳнат шартномасининг муддати тугаганидан кейин якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар давом этса ва тарафлардан бирортаси ҳам ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда бир ҳафта давомида уларнинг тугатилишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
  • Иш жойи (лавозими) сақланаётган ходимнинг йўқ бўлган вақтига тузилган меҳнат шартномаси ушбу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.

Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш:

Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини 14 календарь кун олдин бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақли. Ўз ташаббусига кўра бекор қилинганда иш берувчини огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари қуйидагиларга нисбатан белгилаб қўйилган:

Огоҳлантириш муддатининг ўтиши иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризаси олинганидан сўнг кейинги кунда бошланади.

  • Ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани почта жўнатмасини топшириш ҳақидаги хабарнома билан юборишга ҳақли. Бунда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантириш муддатини ҳисоблаб чиқариш иш берувчи томонидан ариза олинган санадан сўнг кейинги кунда бошланади.
  • Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугашига қадар бекор қилиниши мумкин.
  • Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар давом этаётган бўлса, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, меҳнат шартномасини ушбу аризага мувофиқ бекор қилишга эса йўл қўйилмайди.

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш:

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш асосланган бўлиши керак.

Қуйидаги сабаблардан (асослардан) бирининг мавжудлиги меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосланганлигини билдиради:

  1. ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги;
  2. технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси), якка тартибдаги тадбиркор ходимлари сонининг ёки штатининг ўзгарганлиги;
  3. ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги;
  4. ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги. Аввал меҳнат мажбуриятларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил ичида ходим томонидан такроран интизомий ножўя ҳаракат содир этилганлиги меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузишдир;
  5. ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги. Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхатини белгилаш ушбу Кодекснинг 162-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

Умумий ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларининг, шунингдек давлат грантлари бўйича таълим олган олий таълим ташкилотларининг тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кирган битирувчилари билан меҳнат шартномаси ушбу меҳнат шартномаси тузилган кундан эътиборан уч йиллик муддат ўтгунига қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганида иш берувчи бу ҳақда маҳаллий меҳнат органига ёзма шаклда хабар қилиши керак.

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишни тақиқлаш:

Меҳнат шартномасини:
1) ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилмаган асослар бўйича;
2) ушбу Кодекснинг меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш талабини бузадиган;
3) ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврларида, у меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган таътилларда бўлган даврларда;
4) ходим давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ишдан озод этилган даврда;
5) ходим хизмат сафарида бўлган даврда;
6) ҳомиладор аёллар (ушбу Кодекс 408-моддаси) ва уч ёшгача боласи бўлган ходимлар (ушбу Кодекс 409-моддаси) учун кафолатлар беришни назарда тутадиган талабларга риоя қилмасдан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади. Батафсил.

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш:

Иш берувчи ўзининг меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни қуйидаги муддатларда ёзма шаклда (имзо қўйдириб) огоҳлантириши шарт:

1) меҳнат шартномаси:

  • ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёхуд таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарорига биноан тугатилганлиги;
  • технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгаришига, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқаришига боғлиқ бўлган ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги;
  • ташкилот раҳбарига, унинг ўринбосарларига, бош бухгалтерга ва ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси раҳбарига нисбатан ташкилот мулкдорининг ўзгарганлиги муносабати билан бекор қилинганда камида 2 ой олдин;

2) меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги туфайли бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги муносабати билан бекор қилинганда камида 2 ҳафта олдин;
3) меҳнат шартномаси ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан бекор қилинганда камида 3 кун олдин. Батафсил.

Имтиёзли ҳуқуқ:

Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:

  • қарамоғида 2 ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
  • оиласида мустақил иш ҳақи олувчи бошқа ходимлар мавжуд бўлмаган шахсларга;
  • мазкур иш берувчидаги узоқ муддатли иш стажига эга бўлган ходимларга;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида меҳнат шартномасига кўра тегишли мутахассислик бўйича ўз малакасини ошираётган ходимларга ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган шахсларга ўқишни тамомлаганидан кейин мутахассислиги бўйича ишлаш шарти билан 3 йил мобайнида;
  • ушбу ташкилотда меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига учраган шахсларга;
  • ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • меҳнатдаги ютуқлари учун рағбатлантиришларга эга бўлган ва интизомий жазоларга эга бўлмаган ходимларга;
  • атом объектларидаги авариялар оқибатида келиб чиққан юқори радиациявий нурланиш билан боғлиқ бўлган нурланиш касаллигига ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга, ўзига нисбатан бошланган ногиронлигининг атом объектларидаги авариялар билан боғлиқлиги аниқланган ногиронлиги бўлган шахсларга, ушбу авариялар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш иштирокчиларига, шунингдек мазкур объектлардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.
  • Батафсил.

Меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиш:

Меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:

1) ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганлиги;
2) шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишга тикланганлиги;
3) ходим суднинг қайси ҳукми билан аввалги ишини давом эттириш имкониятини истисно этадиган жазога ҳукм қилинган бўлса, ўша суд ҳукмининг қонуний кучга кирганлиги, шунингдек суднинг қарорига биноан ходимнинг ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига юборилганлиги;
4) ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилганлиги, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этиш имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
5) қонунчиликка мувофиқ меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келганлиги (ходимнинг белгиланган тартибда берилган тиббий хулосага мувофиқ меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб эътироф этилганлиги, шунингдек давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинганлиги, агар бажарилаётган иш шундай фойдаланиш ҳуқуқини талаб қилса, муайян ишни бажаришга доир рухсатномадан ёки лицензиядан маҳрум этилганлиги ва бошқалар);
6) ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги;
7) ходимни ишга тиклаш ҳақидаги суд қарори бекор қилинганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекциясининг қарори бекор қилинганлиги (қонунга хилоф деб эътироф этилганлиги);
8) ходим вафот этганлиги, шунингдек суд томонидан ходимнинг бедарак йўқолган деб эътироф этилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги;
9) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзосининг ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтганлиги. Батафсил.

 

Меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш:
  • Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
  • Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кундир. Агар охирги иш куни дам олиш кунига ёхуд ишланмайдиган байрам кунига ёки бошқа ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни охирги иш куни деб ҳисобланади.

Chat