Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7054 марта ўқилди

Иш берувчи меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқитилаётган, қайта тайёрлашдан ёки малака оширишдан ўтаётган, шунингдек ишлаб чиқариш таълимини ўтаётган ходимларга иш ва ўқишни бирга олиб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиши шарт.

Меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида таҳсил олиб, ўқув режасини бажараётган ходимларга иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқув таътили, қисқартирилган иш ҳафтаси ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ўзга кафолатлар берилади.

Меҳнат шартномаси бўйича таълим ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга йиллик меҳнат таътилларини иш берувчи, уларнинг хоҳишига кўра, бакалавриат талабалари учун давлат аттестацияси ва битирув малака ишини ҳимоя қилиш, магистратура талабалари учун магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш вақтига ёхуд имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига тўғрилаб бериши шарт.

Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ташкилотларида, кадрларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтларида (курсларида) меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда ўқиётган, ишга янги қабул қилинган ходимлар учун, агар улар ўз йиллик меҳнат таътилларини бакалавриат талабалари учун давлат аттестацияси ва битирув малака ишини ҳимоя қилиш, магистратура талабалари учун магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш вақтига ёхуд имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига мослаштиришмоқчи бўлса, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик меҳнат таътили мазкур иш берувчидаги меҳнат фаолиятининг 6 ойи тугагунига қадар берилади.

Кириш имтиҳонларида иштирок этишга рухсат берилган ходимларга олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларини топшириш учун камида 15 календарь кун муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади, таълим ташкилотлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти бу ҳисобга кирмайди.

Chat