Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7613 марта ўқилди

Меҳнат Кодексининг 503-моддасининг қоидалари меҳнат вазифаси спорт мусобақаларига тайёргарлик кўришдан ва муайян турдаги ёки спорт турлари бўйича спорт мусобақаларида иштирок этишдан иборат бўлган ходимлар (бундан буён матнда спортчилар деб юритилади) билан меҳнат муносабатларини тартибга солади.

Спортчилар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, шу жумладан жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, шунингдек ички ҳужжатларда белгиланади.

Спортчи билан тузиладиган меҳнат шартномасига қуйидагилар киритилиши шарт:
  • иш берувчининг машқ тадбирлари ўтказилишини ва спортчининг спорт мусобақаларида иштирок этишини таъминлаш мажбурияти тўғрисидаги шартлар;
  • спортчининг иш берувчи томонидан белгиланган спорт режимига риоя этиш ва спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш режаларини бажариш мажбурияти тўғрисидаги шартлар;
  • спортчининг спорт мусобақаларида фақат иш берувчининг кўрсатмаси бўйича иштирок этиш мажбурияти тўғрисидаги шартлар;
  • спортчининг халқаро допингга қарши ташкилотлар томонидан тасдиқланган допингга қарши қоидаларга риоя этиш, допинг назоратидан ўтиш мажбурияти тўғрисидаги шартлар;
  • иш берувчининг спортчининг ҳаёти ва соғлиғи суғурта қилинишини, шунингдек спортчининг қўшимча тиббий ва бошқа хизматларни олиш мақсадида тиббий суғурта қилинишини таъминлашга доир мажбурияти тўғрисидаги шартлар.

Меҳнат шартномасини тузиш чоғида спортчилар дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Иш берувчи дастлабки ва даврий мажбурий тиббий кўрикларнинг ўтказилишини ўз ҳисобидан ташкил этиши шарт. Меҳнат шартномасининг амал қилиши даврида спортчилар топширилган ишни бажариш учун яроқлилигини аниқлаш ҳамда касб касалликларининг ва спорт жароҳатланишларининг олдини олиш мақсадида даврий мажбурий тиббий кўриклардан ўтади.

Иш берувчи ўз маблағлари ҳисобидан спортчиларни спорт кийим-бошлари, спорт анжомлари ва ашёлари, улар меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаши, шунингдек мазкур кийим-бошлар, асбоб-ускуналар, анжомлар, ашёлар ва воситаларни фойдаланишга яроқли ҳолатда сақлаши шарт.
Спортчиларга йиллик қўшимча меҳнат таътили берилади, унинг давомийлиги жамоа шартномаларида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномаларида белгиланади, лекин у 4 календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Иш берувчи спортчининг спорт мусобақаларида иштирок этишини таъминлаш имкониятига эга бўлмаган ҳолларда, иш берувчилар ўртасидаги келишувга, спортчининг ўз ёзма розилигига кўра, 1 йилдан ошмайдиган муддатга вақтинча бошқа иш берувчига ўтишига йўл қўйилади.

Спортчининг бошқа иш берувчига вақтинча ўтиши даври учун вақтинчалик иш жойидаги иш берувчи у билан ушбу модданинг учинчи қисми қоидаларини инобатга олган ҳолда муддатли меҳнат шартномаси тузади.

Спортчи бошқа иш берувчига вақтинча ўтган даврда дастлаб тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиши тўхтатиб турилади (тарафлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқлар амалга оширилишини ҳамда мажбуриятлар бажарилишини тўхтатиб туради). Бунда дастлаб тузилган меҳнат шартномаси амал қилиши муддатининг ўтиши узилиб қолмайди. Спортчининг бошқа иш берувчига вақтинча ўтиш муддати тугаганидан кейин дастлаб тузилган меҳнат шартномаси тўлиқ ҳажмда қайта тикланади.

Вақтинча ўтиш муддати мобайнида спортчига ва вақтинчалик иш жойидаги иш берувчига меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳуқуқи нормаларини ўз ичига олган бошқа ҳужжатларда белгиланган қоидалар, ушбу моддада белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, тўлиқ ҳажмда татбиқ этилади.

Вақтинчалик иш жойидаги иш берувчи спортчининг бошқа иш берувчига ўтишига доир ташаббус билан чиқиш ҳуқуқига эга эмас.
Спортчининг бошқа иш берувчига вақтинча ўтиши даврига тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат Кодексида назарда тутилган асосларнинг исталган бирига кўра муддатидан илгари бекор қилинган тақдирда, вақтинча ўтиш даврига тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ бўлган календарь санасидан кейинги иш кунидан бошлаб дастлаб тузилган меҳнат шартномаси тўлиқ ҳажмда амал қилади.

Агар бошқа иш берувчига вақтинча ўтиш муддати тугаганидан кейин спортчи вақтинчалик иш жойидаги иш берувчида ишлашни давом эттирса ва на спортчи ёки на вақтинчалик иш жойидаги иш берувчи, на дастлаб меҳнат шартномаси тузилган иш берувчи вақтинчалик ўтиш даври учун тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишни ҳамда дастлаб тузилган меҳнат шартномасини қайта тиклашни талаб қилмаса, дастлаб тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади ва вақтинчалик ўтиш даври учун тузилган меҳнат шартномаси тарафлар келишуви билан белгиланадиган муддатга, бундай келишув мавжуд бўлмаган тақдирда эса номуайян муддатга узайтирилади.

Спортчи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
1) 6 ой ва ундан кўп муддатга спортдан четлаштирилганлик;
2) халқаро допингга қарши ташкилотлар тасдиқлаган допингга қарши қоидаларнинг спортчи томонидан бузилганлиги, шу жумладан бир марта бузилганлиги.

Меҳнат шартномасини спортчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддатининг давомийлиги меҳнат шартномаси тарафлари томонидан тегишли спорт тури ёки турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси спорт федерацияларининг (ассоциацияларининг) тавсияларига кўра Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги белгилайдиган муддатлар инобатга олинган ҳолда аниқланади.

Chat