Ногиронлиги бўлган шахслар барча даражалардаги таълим ташкилотларида таълим олиш ва ўз қобилиятини янада тўлиқроқ ривожлантириш учун бутун умри давомида таълим олиш ҳамда жамият ва давлат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус таълими, профессионал таълими таълим муассасаларида ва ташкилотларида, зарурият бўлганда эса ихтисослаштирилган таълим муассасаларида амалга оширилади.
- Ногиронлиги бўлган шахсларнинг мактабдан ташқари таълими болалар, ўсмирлар ижодиёт саройлари, уйлари, клублари ва марказларида, «Баркамол авлод» болалар мактабида, болалар-ўсмирлар спорт мактабларида, болалар мусиқа ва санъат мактабларида, студияларда, ахборот-кутубхона ҳамда соғломлаштириш муассасаларида амалга оширилади.
- Ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълими олий таълим муассасаларида ва ташкилотларида амалга оширилади.
- Ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълимдан кейинги таълими олий таълим ва илмий ташкилотларда олиниши мумкин.
- Стационар даволаш-профилактика ёки реабилитация муассасаларида даволаш курсини ўтаётган ногиронлиги бўлган болалар учун мазкур муассасаларда ўқув машғулотлари ташкил этилади.
- Профессионал таълим олиш учун махсус шарт-шароитларга муҳтож ногиронлиги бўлган шахслар учун турли типдаги ва хилдаги ихтисослаштирилган профессионал таълим муассасалари ташкил этилади. Уларда ўқитиш махсус ўқув дастурлари асосида давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси ажратилади.
- Ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида олий таълим муассасаларига қабул қилиш кириш имтиҳонлари натижалари бўйича амалга оширилади.
- Ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган қўшимча квоталар бўйича ўқишга қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллари билан таълимнинг ушбу йўналиши бўйича танловда умумий асосларда иштирок этади.
- Кўзи ожизлар тоифасига кирувчи сифатида ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга ажратилган квота доирасида давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини олий таълимнинг мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликларига давлат гранти асосида кўчирилишига рухсат этилади.