Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 25583 марта ўқилди

Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини қўллаб-қувватлаш чоралари

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларига қарашли ташкилотлар ҳамда ногиронлиги бўлган якка тартибдаги тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор имтиёз ва имкониятлар белгиланган.

Давлат буюртмачилари билан узоқ муддатли шартномалар

Давлат буюртмачилари ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, кўргазма-ярмаркалар давомида:

  • белгиланган талабларга жавоб берадиган юридик шахслар;
  • ногиронлиги бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар

билан улар томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар ёки кўрсатиладиган хизматларни уч йилгача муддат давомида кафолатли харид қилишни назарда тутувчи шартномалар тузиши мумкин.

Ягона реестр

Қуйидагилар Ягона реестрга киритилади:

  • ходимлар умумий сонининг камида 25 фоизи, бироқ камида 4 нафари ногиронлиги бўлган шахслардан иборат юридик шахслар;
  • ушбу ходимлар ташкилотда камида олти ойдан буён меҳнат фаолиятини олиб бораётган бўлиши;
  • ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди ташкилотнинг умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 25 фоизини ташкил этиши;
  • камида олти ойдан буён фаолият юритаётган ногиронлиги бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • улар томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар.

Реестр Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг расмий веб-сайтида ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида юритилади ва ҳар ой якунида янгиланади.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар Реестрга кириш учун:

  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
  • Давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиш орқали

ариза бериши мумкин.

Агар юридик шахс белгиланган ходимлар сони ёки меҳнатга ҳақ тўлаш фонди бўйича талабларга жавоб бермаса, у Реестрдан автоматик равишда чиқарилади.

Субсидия ажратишдаги енгиллик

Тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва меҳнат шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишда, мазкур иш ўринларининг меҳнат шароитлари юзасидан давлат экспертизаси хулосасини талаб қилиш тартиби бекор қилинган.

Давлат харидларида камида 10 фоизлик харид

Давлат харидлари доирасида:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
  • Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги;
  • уларнинг тизимидаги ташкилотлар;
  • бошқа давлат буюртмачилари

ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, харид режа-жадвалидаги тегишли харид предмети ҳажмининг камида 10 фоизи миқдорида Реестрга киритилган корхоналар ва ногиронлиги бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ёки кўрсатиладиган хизматларни шартнома асосида сотиб олади.

Давлат буюртмачилари бундай харидлар ҳақидаги маълумотларни ўзининг ёки юқори турувчи ташкилотнинг расмий веб-сайтида доимий равишда жойлаштириб боради.

Электрон кооперация портали орқали тўғридан-тўғри шартнома

Электрон кооперация порталида Реестрга киритилган юридик шахслар ва ногиронлиги бўлган якка тартибдаги тадбиркорларнинг товарлари ва хизматлари ҳақидаги маълумотлар акс эттирилади.

Давлат буюртмачилари ушбу портал орқали воситачилик йиғими ундирилмаган ҳолда электрон тўғридан-тўғри шартномалар тузиши мумкин.

«Имкониятлар маркази»

«Имкониятлар маркази»:

  • ногиронлиги бўлган шахслар ва иш берувчилар ўртасида мулоқот майдони сифатида фаолият юритади;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашади;
  • улар билан дастлабки суҳбат ўтказиб, қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга ўқитишга кўмаклашади;
  • бандлик, маданият, санъат ва спорт йўналишидаги фаолликни қўллаб-қувватлайди.

Норматив ҳужжатлар

Асос: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 октябрдаги ПҚ–390-сон қарори.

Chat