I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни расмий ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектига бандликка кўмаклашиш субсидияси ажратилиши мумкин.
Хусусий бандлик ташкилоти ҳам ногиронлиги бўлган шахсни белгиланган шартларда бошқа иш берувчига ишга жойлаштиргани учун субсидия олиш ҳуқуқига эга.
Субсидия олиш шартлари
Субсидия олиш учун:
- ходим I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар электрон реестрида туриши;
- у билан тузилган меҳнат шартномаси Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилиши;
- ходим камида 3 ой узлуксиз расмий ишлаши;
- унга ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг камида 2 баравари миқдорида иш ҳақи ҳисобланиши керак.
Субсидия миқдори
Ҳар бир ишга қабул қилинган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс учун субсидия:
- бир марта;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдорида ажратилади.
Бир тадбиркорлик субъектига ажратиладиган бандликка кўмаклашиш субсидияларининг умумий миқдори 500 миллион сўмгача бўлиши мумкин.
Қандай мурожаат қилинади?
Белгиланган шартлар бажарилганидан кейин тадбиркорлик субъекти:
- «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими;
- ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали
орқали электрон сўровнома юборади.
Сўровнома ЭРИ ёки OneID орқали тасдиқланади. Ариза ва зарур маълумотлар 2 иш куни ичида электрон тарзда текширилади.
Субсидия қайси ҳолларда рад этилади?
Қуйидаги ҳолларда субсидия ажратилмайди:
- ходим электрон реестрда мавжуд бўлмаса;
- меҳнат шартномаси Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилмаган бўлса;
- 3 ойлик иш ҳақи белгиланган миқдорда ҳисобланмаган бўлса;
- мазкур ходим учун олдин ҳам бандликка кўмаклашиш субсидияси ажратилган бўлса.
Иш жойига мослаштириш учун субсидия
I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун:
- сурдотаржимон;
- психолог;
- ҳамроҳлик хизмати
ташкил этган тадбиркорлик субъектларига харажатларни қисман қоплаш учун 50 миллион сўмгача алоҳида субсидия ажратилиши мумкин.