Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади.
Иш берувчилар ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилгандан кейин субсидия олиш учун тегишли маҳаллий меҳнат органига ёзма равишда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.
Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси ЯММТда рўйхатдан ўтказилмаганлиги ёхуд «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизимида рўйхатда турмаганлиги аниқланса, маҳаллий меҳнат органи субсидия ажратишни рад этади ва мурожаатчига рад этишнинг сабаблари асосланган хабарномани юборади.
Иш берувчи маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги буйруғидан норози бўлса, юқори турувчи органга ёки суд органларига шикоят қилиши мумкин.
Маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан иш берувчига ногиронлиги бўлган ҳар бир шахсни ишга қабул қилганлиги учун 6 ой давомида ишланган ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади.