Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18277 марта ўқилди

Компенсация — ногиронлиги бўлган шахсга ёки унинг қонуний вакилига пул шаклида тўланадиган, ногиронлиги бўлган шахс ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олган ва унинг якка тартибдаги реабилитация дастурида назарда тутилган реабилитация қилишнинг техник воситаси ёки кўрсатилган хизмат қийматини қоплашдир.

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури — тиббий-ижтимоий экспертиза асосида ишлаб чиқилган, шахс учун мақбул бўлган тиббий, ижтимоий, касбий ва жисмоний реабилитация чораларининг турлари, шакллари, ҳажмлари, муддатлари ҳамда уларни амалга ошириш тартибини ўз ичига олган чора-тадбирлар мажмуидир.

Қайси восита ва хизматлар учун компенсация тўланади?

Қуйидаги реабилитация қилишнинг техник воситалари сотиб олингани ёки хизматлардан фойдаланилгани учун компенсация тўланиши мумкин:

  • кресло-аравачалар;
  • кичик габаритли аравачалар;
  • эшитиш мосламалари;
  • ҳассалар ва қўлтиқтаёқлар;
  • реабилитация қилишнинг техник воситасини жорий таъмирлаш хизматлари.

Компенсация олиш ҳуқуқи:

  • якка тартибдаги реабилитация дастурида назарда тутилган техник воситани ўз маблағи ҳисобидан сотиб олган;
  • мазкур дастурда назарда тутилган техник воситани жорий таъмирлаш хизмати учун ўз маблағи ҳисобидан ҳақ тўлаган

ногиронлиги бўлган шахсларга берилади.

Компенсация олиш учун ҳужжатлар

Ногиронлиги бўлган шахс ёки унинг қонуний вакили ҳудудий бошқармага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • Махсус комиссия белгилаган шаклдаги компенсация тўлаш тўғрисидаги ариза;
  • ногиронлиги бўлган шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
  • ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури нусхаси;
  • туман ёки шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимининг шахс реабилитация қилишнинг техник воситаси билан таъминлаш учун ҳисобга қўйилган сана ҳақидаги маълумотномаси;
  • техник восита сотиб олинганини ёки хизмат кўрсатилганини тасдиқловчи чек, квитанция, талон, чипта ёхуд шунга тенглаштирилган бошқа ҳужжат нусхаси;
  • реабилитация қилишнинг техник воситасининг техник паспорти нусхаси.

Тақдим этилган ҳужжатлар ҳудудий бошқарма томонидан 5 кун ичида компенсация масаласини кўриб чиқиш учун Махсус комиссияга киритилади.

Қарор қабул қилиш муддати

Махсус комиссия ҳужжатлар ҳудудий бошқармадан келиб тушган санадан бошлаб 2 ҳафта ичида уларни кўриб чиқади ва:

  • компенсация тўлаш;
  • ёки компенсация тўлашни рад этиш

тўғрисида қарор қабул қилади.

Компенсация тўлашни рад этиш асослари

Қуйидаги ҳолларда компенсация тўлаш рад этилади:

  • сотиб олинган реабилитация қилишнинг техник воситаси ногиронлиги бўлган шахснинг якка тартибдаги реабилитация дастурида назарда тутилмаган бўлса;
  • талаб этиладиган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган бўлса.

Рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, ҳудудий бошқарма 3 иш куни ичида рад этишнинг асосланган сабабларини кўрсатган ҳолда ариза берувчига ёзма жавоб юборади.

Рад этиш сабаблари бартараф этилгандан кейин ариза берувчи Махсус комиссияга такроран мурожаат қилиши мумкин. Такроран кўриб чиқишда аввалги рад этиш қарорида кўрсатилмаган янги талабларни қўйишга йўл қўйилмайди.

Ариза берувчи компенсация тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Компенсация миқдори

Компенсация техник восита ёки кўрсатилган хизматнинг ўртача қийматидан ортиқ бўлмаган миқдорда тўланади.

Техник воситанинг ўртача қиймати жорий йилда ҳудудий бошқармалар томонидан ўтказилган тендер савдолари асосида буюртма берилган тегишли техник восита нархига тенг миқдорда белгиланади.

Жорий таъмирлаш хизматининг ўртача қиймати эса техник воситани ишлаб чиқарувчилар томонидан жорий йил учун белгиланган таъмирлаш тарифлари ва нархлари асосида аниқланади.

Компенсацияни тўлаш тартиби

Компенсация Махсус комиссия қарори асосида ҳудудий бошқарманинг ҳисоб рақамидан ўтказилади.

Тўлов ногиронлиги бўлган шахснинг яшаш жойидаги Халқ банки бўлими орқали амалга оширилади.

Компенсация Махсус комиссия қарор қабул қилган кундан бошлаб 10 кун ичида тўланади.

Chat