Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 23050 марта ўқилди

Айрим имтиёзли тоифадаги шахсларга уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича берилган имтиёзлар ўрнига ҳар ойлик компенсация пул тўловлари тўланади.


Компенсация уни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга:

  • пенсия ёки ижтимоий нафақа олиши ёки олмаслигидан;
  • меҳнат фаолиятини амалга ошириши ёки амалга оширмаслигидан

қатъи назар тўланади.

45 фоиз миқдорида компенсация олувчилар

Қуйидаги шахсларга пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида ҳар ойлик компенсация тўланади:

  • 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
  • Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари;
  • Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари;
  • «Слава» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;
  • фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;
  • Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;
  • кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;
  • ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар.

Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсия ва нафақа олувчилар мазкур 45 фоизлик компенсацияни олувчилар рўйхатидан чиқарилган.

50 фоиз миқдорида компенсация олувчилар

1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчиларига, уларга тенглаштирилган шахслар бундан мустасно, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик компенсация тўланади.

25 фоиз миқдорида компенсация олувчилар

1941–1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронти қатнашчиларига пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 25 фоизи миқдорида ҳар ойлик компенсация тўланади.

Компенсация қандай тайинланади?

Компенсация олиш ҳуқуқига эга шахс компенсация тайинлаш тўғрисида ариза беради ва унга имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни илова қилади.

Компенсация ариза берилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.

Кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва ядро полигонлари ҳамда бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслардан компенсация олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни аризага илова қилиш талаб этилмайди. Уларнинг ҳуқуқи электрон ахборот тизимлари ва тегишли давлат рўйхатлари орқали аниқланади.

Бир нечта асос бўйича ҳуқуқ мавжуд бўлса

Шахс бир нечта асос бўйича компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлса, унинг танловига кўра энг юқори миқдордаги битта компенсация тўланади.

Компенсацияни тўлаш тартиби

Компенсация:

  • республика бюджети ҳисобидан пенсия олувчиларга — пенсия тайинлаган ташкилот орқали;
  • Пенсия жамғармаси ҳисобидан пенсия олувчиларга — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали;
  • нафақа олувчиларга — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали;
  • пенсия ёки нафақа олмайдиган, компенсация олиш ҳуқуқига эга шахсларга — Пенсия жамғармаси орқали

пенсия ва нафақалар тўланадиган тартиб ҳамда муддатларда тўланади.

Компенсация Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Компенсация солиққа тортиладими?

Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари жисмоний шахснинг солиқ солинмайдиган даромадлари жумласига киради.

Компенсация тўлашни вақтинча тўхтатиб туриш

Тайинланган компенсацияни тўлаш қуйидаги ҳолларда вақтинча тўхтатиб турилади:

  • пенсия ёки нафақа тўлаш муддати тугаганда;
  • компенсация етказиб берувчи ташкилот орқали кетма-кет уч ойдан ортиқ вақт давомида олинмаганда;
  • фуқаро озодликдан маҳрум этилганда;
  • фуқаро руҳий касалликларга чалинган шахслар учун интернат муассасасида яшаётганда;
  • нафақа тўлови тўхтатиб турилганлиги ҳақида электрон маълумот келиб тушганда;
  • фуқаронинг компенсацияни вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги аризасига кўра;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Компенсация фуқаро ёки унинг васийси томонидан тўловни тиклаш тўғрисида ариза берилган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилган кундан бошлаб тикланади.

Компенсация тўлашни тўхтатиш

Компенсация тўлаш:

  • фуқаро вафот этганда;
  • компенсация олиш ҳуқуқи йўқолганда;
  • нафақа тўлови тўхтатилганлиги тўғрисида электрон маълумот келиб тушганда;
  • фуқаро доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетганда тўхтатилади.
Chat