Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5698 марта ўқилди

Ўзбекистонда шахсларни ишсиз деб эътироф этиш ва уларга ишсизлик нафақасини тайинлаш бўйича электрон давлат хизматини кўрсатиш тўғрисидаги регламент тасдиқланди. 

Унга кўра, давлат хизмати ЯИДХП орқали Камбагалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг туман, шаҳар бўлинмалари томонидан кўрсатилади. 

Ариза берувчи ЯИДХП орқали анкетани тўлдиради, у автоматик равишда доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги маҳаллий меҳнат органига юборилади. Аризани кўриб чиқиш муддати келиб тушган кундан бошлаб бир кун.

Сўнгра ишсиз фуқаро ўн кун ичида маҳаллий меҳнат органига ёки маҳаллий меҳнат органи ходими ҳузурига мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун бориши керак.

Маҳаллий меҳнат органи ариза берувчини ишсиз деб эътироф этиш ва унга ишсизлик нафақасини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ёки уни ишсиз деб эътироф этиш рад этилганлиги тўғрисида ҚР-код қўйилган хабарномани ариза берувчига юборади.

"Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги қонуннинг 45-моддасига асосан қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилиши мумкин эмас:
  • таклиф этилган мақбул келадиган ишни иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз икки марта рад этган шахслар;
  • маҳаллий меҳнат органига мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз келмаган шахслар;
  • таълим муассасаларида ва ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таҳсил олаётган шахслар, бундан таълимнинг сиртқи шаклида таҳсил олаётганлар;
  • шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар (пенсия туридан қатъи назар);
  • бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилаётган, ишламаётган аёллар;
  • ишини ўзгартирмоқчи бўлган, лекин маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан отиш пайтида, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотларда ишловчи ёки уларнинг штатида ҳисобда турувчи шахслар;
  • суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазога ҳукм қилинганлар;
  • фермер хожаликларининг раҳбарлари ва ходимлари, оилавий корхоналарнинг иштирокчилари, деҳқон хожаликларининг раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар.

Chat