Иш берувчи ва ходим ўртасида ёхуд ходимлар (уларнинг вакиллари) ва иш берувчилар (уларнинг вакиллари) ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича, шунингдек янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини ўзгартириш масалалари бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар меҳнат низоларидир.
Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича юзага келадиган низолар даъво хусусиятига эга низолар (ҳуқуқ тўғрисидаги низолар) жумласига киради. Даъво хусусиятига эга бўлган якка тартибдаги ва жамоавий низолар меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органларда кўриб чиқилади. Даъво хусусиятига эга бўлган меҳнат низоларини кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида улар томонидан ўзаро мақбул ечимга эришиш мақсадида низони медиатор кўмагида бартараф этиш тартиб-таомили қўлланилиши мумкин.
Янги меҳнат шартларини белгилаш ва мавжуд меҳнат шартларини (шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлашни) ўзгартириш, жамоа келишувларини, жамоа шартномасини ёхуд қонунчиликка мувофиқ ходимларнинг вакиллари билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатларни тузиш, ўзгартириш масалалари бўйича юзага келадиган жамоавий ҳамда якка тартибдаги меҳнат низолари даъвосиз хусусиятга эга бўлган низолар (манфаат ҳақидаги низолар) жумласига киради. Даъвосиз хусусиятга эга бўлган жамоавий ва якка тартибдаги меҳнат низолари яраштирув-воситачилик тартиб-таомилларини ёки медиатор кўмагида низони тартибга солиш тартиб-таомилларини қўллаш орқали ҳал этилади.