
Сафарбарлик чақируви резервига:
— ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан белгиланган чекловлар билан яроқли;
— чақирилишни кечиктириш ёки чақирилишдан озод бўлиш ҳуқуқига эга бўлмаган;
— аммо навбатдаги чақирувда Қуролли Кучларга чақирилмаган шахслар олинади.
Сафарбарлик чақируви резервига шахслар 27 ёшга тўлгунга қадар олинади.
Хизмат ҳудудий принцип асосида ташкил этилиб, хизмат даврида бир марта бир ойлик ҳарбий йиғинни ўташ назарда тутилади.
Умумий тартибда хизматга олинган шахс Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисобварағига белгиланган пул бадалини тўлайди. Тўлов шартлари Мудофаа вазирлиги билан тузиладиган шартномада белгиланади.
Пул бадали хизматга олингандан кейин 1 йил мобайнида, томонлар келишувига кўра бир йўла ёки босқичма-босқич тўланиши мумкин.
2026 йил 1 февралдан Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар ёшлари учун сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилди.
Шу билан бирга, ушбу хизмат учун аввал «Ёшлар дафтари» орқали субсидия ажратиш тартиби бекор қилинди.
Эслатма: Камбағал оилалар реестрига киритилган оила ёши учун хизмат тўловини аввал ўзи тўлаб, кейин субсидия талаб қилиш эмас, бепул ўташ механизми амал қилади.
Белгиланган ҳарбий йиғинни ўтаган шахс Қуролли Кучлар резервига ўтказилади. Умумий тўловли тартибда белгиланган бадални тўлаган ва ҳарбий йиғинни ўтаган шахс муддатли ҳарбий хизматга чақирилишдан озод қилинади.
Ҳарбий йиғин даврида, йиғин жойига бориш ва қайтиш вақти билан бирга, ходимнинг иш жойи (лавозими) сақланади.
Чақирув ҳақидаги маълумотнома олинган кундан ҳарбий йиғиндан қайтгунига қадар меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилишга, ташкилот тугатилган ҳолатдан ташқари, йўл қўйилмайди.