Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5391 марта ўқилди

1. Мен 1-курс талабасиман. Мен кредитни ўзим тўлай олмайман. Банкдан таълим кредити олсам бўладими?

Жавоб: Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилади.

  • Таълим кредитлари бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Республикадаги давлат олий таълим муассасаларихусусий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиаллари талабаларига контракт тўловлари учун таълим кредит ажратилади!

Таълим кредитлари учун қуйидаги фоиз ставкалари белгиланади:
  • чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганларга – ноль фоиз ставкаси;
  • талабаларнинг қолган тоифаларига — 2020 йил 1 январдан бошлаб фоиз харажатларининг бир қисмини «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан бозор ставкалари белгиланади.

  • Таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин, бу кредит шартномасида қайд этилиши керак.
  • Кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича фоизларнинг 50 фоизи Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади. Бунинг учун туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш лозим.
  • Таълим кредитлари, қоида тариқасида, қарз олувчининг (талаба, ота-она ёки васий) яшаш жойида жойлашган банк филиаллари томонидан берилади.

Таълим кредитини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
  • таълим кредитини олиш учун ариза;
  • талаба ва олий таълим муассасаси ўртасида тузилган тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартнома (контракт);
  • кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат (масалан, жисмоний ёки юридик шахсларнинг кафолати, мол-мулк ёки қимматли қоғозлар гарови, кредитнинг қайтарилмаслиги хавфини суғурталаш ҳақидаги суғурта полиси);
  • имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар, кам таъминланган оилалардан чиққанлар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этишади.

2. Мен 25 ёшдаман. Эшитишимча, маҳаллаларда “Ёшлар етакчиси” лавозими пайдо бўлган. Менга ушбу лавозим ҳақида кўпроқ маълумот берсангиз?

Жавоб: “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–92-сон, 19.01.2022 й.) қабул қилинди.

  • Қарорга кўра,ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади.
  • Ёшлар етакчиси, жумладан, “Ёшлар баланси”ни шакллантириб, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб боради.
  • Қарорга кўра, ҳар бир маҳаллада “Бир нуронийга ўн нафар ёш”, “Кекса авлод учрашувлари” лойиҳалари амалга оширилади.
  • Ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар Етакчилар бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
  • Шунингдек, фаолиятини самарали ташкил этаётган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга етакчилик қилаётган Етакчилар “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.
  • 2022 йил 1 мартдан Етакчининг тавсияси асосида ёшларга тегишли ёрдам турлари (13 та) берилади.

Қарор билан қуйидагилар ташкил этилди:

  • Вазирлар Маҳкамасида Ёшлар ишлари шўъбаси;
  • Ёшлар ишлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари тузилмаларида маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш бўлинмалари.

Давлат ОТМ ва уларнинг филиалларидаги ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорга (директор ўринбосарига) биринчи проректор (директорнинг биринчи ўринбосари) мақоми берилади.

  • Етакчи лавозимига номзодлар туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади.

Етакчининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:

  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – МҲЭКМнинг 5,5 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – МҲЭКМнинг 6 баравари миқдорида.

Бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган Етакчи учун БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда турар жой ижара тўлови қоплаб берилади.

3. Мен 23 ёшдаман ва ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтожман. Ёшлар дафтарига қандай киришим мумкин?

Жавоб: «Ёшлар дафтари» — ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси.

«Ёшлар дафтари»га 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган қуйидаги тоифадаги ёшлар киритилади:
  • оила аъзоси «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган;
  • боқувчисини йўқотган, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган;
  • ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган;
  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ишга лаёқатсиз;
  • I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган;
  • фарзандида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган;
  • жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган;
  • ота-онасидан бирида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёхуд ота-онасининг ҳар иккисида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган;
  • юзага келган ҳолатлар сабабли оғир турмуш шароитида қолган;
  • зўравонлик ва эксплуатация, табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган;
  • «Меҳрибонлик» уйи, Болалар шаҳарчаси ёки оилавий болалар уйида тарбияланган;
  • ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган;
  • даволанишга муҳтож бўлган бемор ёшлар;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган;
  • муайян яшаш жойига эга бўлмаган;
  • психологик маслаҳатга муҳтож;
  • никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёш оила;
  • деҳқончилик ёки томорқа хўжалигини юритаётган;
  • ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган ёшлар киритилади.

  • Моддий аҳволи қийин ёшларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлашнинг аниқ миқдори ёшнинг ҳаётий вазияти мураккаблигини инобатга олган ҳолда БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ тўлаб берилади.

Бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган, ҳаётий мураккаб вазиятга тушган ёшга, биринчи навбатда тайинланади.

Қуйидагиларга биринчи навбатда тайинланади:
  • боқувчисини йўқотган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга;
  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ишга лаёқатсиз ёшларга;
  • I ва II гуруҳ ногирони бўлган ёшларга;
  • қарамоғида ногирон бола бўлган ёш оила (эр-хотиннинг бири)га;
  • ота-оналардан бири I ёки II гуруҳ ногирони бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёки иккала ота-она ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган ёшларга;
  • табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган ёшларга.

Шахсга бир марталик моддий ёрдам берилиши уни «Ёшлар дафтари»дан чиқаришга асос бўлмайди.

Моддий ёрдам шахсга бир календарь йил давомида бир маротаба берилади.

  •  «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун субсидия ажратиш тартиби

«Ёшлар дафтари»га киритилган ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган ёш фуқарога фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача қисми қоплаб берилиши мумкин.

  • «Ёшлар дафтари»га киритилган оилалар фарзандларининг мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларини тўлаб бериш «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда амалга оширилади.
  • «Ёшлар дафтари»га киритилган ёш оилаларнинг секторлар раҳбарларига ва Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларига берган аризасига мувофиқ, уларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб берилиши мумкин.

«Ёшлар дафтари»дан қуйидаги ҳолларда чиқарилади:
  • бандлиги таъминланган ёки доимий даромад манбаига эга бўлганда;
  • тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатлар белгиланган тартибда тўлаб берилганда;
  • тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг ижара харажатлари қопланганда ёки мазкур фаолият учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилганда;
  • турар жой ижара компенсацияси белгиланган тартибда тўлаб берилганда;
  • малакали тиббий хизмат кўрсатилганда;
  • тўлиқ давлат таъминотига олинганда;
  • аниқланган бошқа муаммолари қонуний ҳал этилганда;
  • ўз аризасига кўра;
  • «Ёшлар дафтари»га ноқонуний киритиш ҳолати аниқланганда;
  • бошқа давлатларга ишлаш ёки доимий яшаш учун чиқиб кетганда;
  • суднинг озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;
  • аризачига кўмак бериш бўйича иш олиб бориш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар юзага келганда;
  • аризачи вафот этган тақдирда.

Доимий ва вақтинча яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб ўтганда, доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмасдан «Ёшлар дафтари»га тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Chat