Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4720 марта ўқилди

1. Aйни пайтда ногиронлар аравачасига муҳтож бўлган 1-гуруҳ ногирони Т. аравача олишда давлат томонидан имтиёзлар бор-йўқлигига ойдинлик киритишни сўради?

Жавоб: Пенсия ёшидаги шахслар, 18 ёшгача ногирон болалар, 18 ёш ва ундан катта ногиронлар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ускуналари ва ногиронлар аравачаларини бепул олиш ҳуқуқига ега.
Ушбу шахсларга бериладиган протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ускуналари ва ногиронлик аравачалари туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари томонидан бепул берилади.

2. Мен меҳнат органидан ишсизлик нафақасини оламан. Давлатдан қўшимча молиявий ёрдам олсам бўладими?

Меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олувчи оила аъзолари бўлган ҳолларда моддий ёрдам тўловлари ёки бошқа нафақалар бериш рад етилади.

3. М. исмли шахс оиласида 5 нафар фарзанди борлиги ва улардан икки нафари олий таълим муассасасида ўқиши, улардан бири 19 ёшда, иккинчиси 21 ёшда эканлиги ҳақида маълум қилиб, қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлардан фойдаланишда “кўп болали оила” деганда қандай оила тушунилиши ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оиладир. Бунда, агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва профессионал, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.

4. "Аёллар дафтарига" киритилган аёл имтиёзли шартларда тиббий ёрдам олиши мумкинми?

Жавоб: «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар, шунингдек, уларнинг вояга етмаган фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати сектор ишчи гуруҳи томонидан аниқланганда, уларнинг саломатлиги ҳудудий бирламчи тиббий — санитария муассасасидан шифокор жалб қилинган ҳолда баҳоланади.

  • Ўрганиш натижасига кўра тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати тиббиёт ходими томонидан аниқланганда, белгиланган тартибда тегишли бирламчи тиббий — санитария муассасасига йўналтирилади ва стационар ёки амбулатор даволаниш масаласи ҳал этилади.
  • Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирмайдиган, аммо бирламчи тиббий — санитария муассасаси томонидан вилоят ёки республика даражасида даволаниши лозим деб топилган «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар, шунингдек, уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандларининг даволаниши билан боғлиқ бўлган харажатлар, секторлар раҳбарлари хулосасига асосан «Аёллар дафтари» жамғармаси ва Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қоплаб берилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирадиган вилоят ёки республика даражасида даволаниши лозим деб топилган «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар, шунингдек, уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандлари белгиланган тартибда электрон навбатга қўйилиши таъминланади.

  • Ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлган беморлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтиш учун Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига юборилади.

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар ва (ёки) уларнинг вояга етмаган фарзандларига даволаш, дори воситаларини олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси ва сектор раҳбари хулосалари билан тиббий муолажа харажатлари «Аёллар дафтари» жамғармаси, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ва «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

  • Бунда дори-дармон олиб бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдордаги харажатлар «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади;
  • «Аёллар дафтари»га киритилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки сурункали касалликларга чалинган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ва (ёки) уларнинг вояга етмаган фарзандларининг, шунингдек, лозим бўлганда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамроҳлик қилувчининг Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудида жойлашган тиббий муассасаларга даволаниш учун бориш-келиш йўл харажатлари секторлар раҳбарлари хулосасига асосан «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади.

Бунда хотин-қизлар йўл харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тегишли туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимига тақдим этади.

  • Йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда, йўлкирага ҳақ тўлаш ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,08 фоизи миқдорида амалга оширилади.
  • Беморни махсус транспорт воситасида тиббий муассасага етказиш лозим бўлган тақдирда, йўл харажатларини тўлаб бериш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси олинади.

 

Chat