Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 21990 марта ўқилди

Оммавий ахборот воситаси тушунчаси

Доимий номга эга бўлган, босма ёки электрон шаклда олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга узатиладиган ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган оммавий ахборотни даврий тарқатиш шакли оммавий ахборот воситаси ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситаларига газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари кириши мумкин.

Веб-сайт, блог ёки ижтимоий тармоқдаги саҳифа ўз-ўзидан ОАВ ҳисобланмайди. Веб-сайт ОАВ мақомини олиши учун у қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

ОАВ фаолиятининг асосий кафолатлари

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб боради. Давлат уларнинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, ундан фойдаланиш, сақлаш ва тарқатиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади. Шу билан бирга, таҳририят тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш

ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза муассис томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга берилади. Электрон мурожаатни «Лицензия» ахборот тизими орқали юбориш мумкин.

Аризада, жумладан, қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • муассис тўғрисидаги маълумотлар;
  • ОАВнинг номи, тили ва тури;
  • мақсад ва вазифалари;
  • ихтисослашуви ва тарқатилиш ҳудуди;
  • чиқарилиш даврийлиги;
  • молиялаштириш манбалари;
  • таҳририятнинг жойлашган ери;
  • муассис ва таҳририятнинг бошқа ОАВларга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар.

Аризага ОАВнинг таъсис ҳужжатлари илова қилинади. Агар муассис битта шахсдан иборат бўлса, аризага фақат таҳририят устави ёки низоми илова қилинади. Веб-сайт ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилганда унинг домен номи кўрсатилади.

Ариза рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан 10 кун ичида кўриб чиқилиши керак. Рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.

Маълумотлар ўзгарганда қайта рўйхатдан ўтиш

ОАВнинг номи, тили, тури, мақсад ва вазифалари, ихтисослашуви ёки таъсис ҳужжатларидаги асосий маълумотлар ўзгарса, ОАВ белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилиши керак.

Қайта рўйхатдан ўтиш талаб қилинмайдиган бошқа маълумотлар ўзгарганда муассис ёки таҳририят рўйхатдан ўтказувчи органни бир ой ичида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Рўйхатдан ўтказишни рад этиш ва шикоят қилиш

Рўйхатдан ўтказиш, жумладан, қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

  • ОАВнинг мақсад ва вазифалари қонунчиликка зид бўлса;
  • ариза ОАВ таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс номидан берилса;
  • аризадаги маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса;
  • айнан бир хил ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш номдаги ОАВ аввал рўйхатдан ўтказилган бўлса.

Рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин бир кун ичида аризачига рад этиш сабаблари ва камчиликларни бартараф этиш муддати кўрсатилган хабарнома юборилади. Муассис рад этиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилишга ҳақли.

ОАВ чиқарилишини тўхтатиш ва тугатиш

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг аризасига кўра ОАВ чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш суд қарори асосида амалга оширилади.

Муассис ҳам таҳририят устави ёки муассис билан таҳририят ўртасидаги шартномада белгиланган ҳолларда ОАВ чиқарилишини тўхтатиши ёки тугатиши мумкин. Бундай қарор ҳақида рўйхатдан ўтказувчи орган уч кун ичида хабардор қилиниши керак.

Chat