Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2471 марта ўқилди

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ташкил этилади ва ҳудудий тегишлилик бўйича Давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатга олинади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари, уларнинг ихтисослашувига мувофиқ қуйидаги (I — VIII) турларга бўлинади:
  • I — кар (эшитмайдиган) болалар учун мактаб-интернатлар;
  • II — заиф эшитадиган ва кейинчалик кар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар (1, 2-бўлим);
  • III — кўзи ожиз (кўр) болалар учун «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар;
  • IV — заиф кўрадиган ва кейинчалик кўр бўлган болалар учун «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар;
  • V — нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;
  • VI — таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;
  • VII — психик ривожланиши суст бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;
  • VIII — ақли заиф болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатлар.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчилар сони 250 нафардан ошмаслиги керак.


Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига болалар 7 ёшга тўладиган йилда, тайёрлов гуруҳларига 6 ёшдан қабул қилинади.
Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари учун белгиланган ёш меъёридан 2 йилга ошган болаларни қабул қилишга рухсат этилади.

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юбориш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.

Боланинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлади:
  • ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;
  • психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаcи;
  • таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);
  • ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, болага якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);
  • боланинг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма:
  • педиатрнинг боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги хулосаси;
  • психоневрологнинг тиббий ташхиси ва боланинг ақлий ривожланишига тавсифи;
  • оториноларингологнинг қулоқ, томоқ, бурун ва талаффуз артикуляциясида иштирок этувчи органларнинг ҳолатига тавсифи (эшитишда нуқсони бўлган болалар учун — сўзлашув нутқи ва шивирлаб айтилган сўзларни идрок этиш ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, аудиограмма маълумотлари);
  • офтальмологнинг кўриш органига тавсифи (кўришда нуқсони бўлган болалар учун батафсил ташхиси);
  • ортопед врачнинг хулосаси (таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсони бўлган болалар учун).

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қуйидаги тоифадаги болалар қабул қилинади:
  • эшитишда нуқсони бўлган болалар (карлар, заиф эшитувчилар, кейинчалик кар бўлган болалар);
  • кўришда нуқсони бўлган болалар (кўрлар, заиф кўрувчилар, кейинчалик кўр бўлган болалар);
  • нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар (алалия, дислалия, афазия, ринолалия, дизартрия, психик-нутқий ривожидаги сустлик, дудуқланиш);
  • таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар (болалар церебрал фалажи, полиомиелит, миопатия, остеомиелит, ампутация, бўй ўсишининг етишмовчилиги — паканалик);
  • психик ривожланиши суст болалар;
  • ақли заиф болалар;
  • мураккаб нуқсонли болалар (ривожланишида 2 та ва ундан кўп етишмовчилик бўлган болалар).

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қуйидагилар қабул қилинмайди:
  • ақли ўта заиф болалар (имбицил, идиотия даражасидаги олигофрения);
  • хулқ-атворида оғир бузилишлар, ҳиссий-иродавий соҳасида (органик) нуқсонлари бўлган болалар;
  • таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган, мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган болалар;
  • кўр-кар-соқов болалар;
  • тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқдан азият чекадиган (эпилептик деменция, кундузги ва тунги вақтларда тутқаноғи тез-тез такрорланадиган) болалар;
  • марказий асаб тизимига шикаст етганлиги туфайли сийдик ва нажасини ушлаб туролмайдиган болалар.

Ушбу тоифадаги болалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги тегишли муассасаларга йўлланади ёки уларга якка тартибда уйида ўқитиш ташкил этилади.

Chat