Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2516 марта ўқилди

«Мурувват» болалар интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, 4 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун тиббий-ижтимоий хизматларни кўрсатадиган давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади.

«Мурувват» болалар интернат уйларига қўйидаги ташхислар билан қабул қилинади:
  • мўътадил даражадаги ақлий заифлик;
  • оғир даражадаги ақлий заифлик;
  • чуқур даражадаги ақлий заифлик;
  • болаларни ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга қабул қилишга тўсқинлик қилувчи гемипарез, парапарез ва тетрапарез асоратлари бўлган мўътадил даражадаги ақлий заиф болалар церебрал фалажлиги;
  • интеллектнинг қўпол бузилишига олиб келган болалар шизофренияси;
  • деменция.

Қабул қилиш бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Қуйидагилар «Мурувват» болалар интернат уйларига қабул қилишга қарши кўрсатмалар ҳисобланади:
  • тез-тез, ҳар ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ хуружлари содир бўладиган эпилепсия, серияли тутқаноқ хуружларига, эпилептик статусга, намозшомсимон онг хиралашиш ҳолатларига, дисфорияларга мойиллик;
  • беморнинг ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлган қўпол ва хулқий бузилишлар сабаб бўладиган руҳий касалликлар;
  • улар билан касалланганда болани умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқитиш мумкин бўлган ҳар қандай руҳий касалликлар;
  • жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;
  • юқумли тери ва соч касалликлари;
  • ўткир юқумли касалликлар;
  • салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;
  • таносил касалликлари.

«Мурувват» болалар интернат уйларига қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар ҳудудий даволаш профилактика муассасаларига юборилади.

«Мурувват» болалар интернат уйларига юбориш, шунингдек, биридан иккинчисига ўтказиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Васийликка олинувчиларни тиббий-ижтимоий муассасаларга юбориш, шунингдек биридан иккинчисига ўтказиш (кўчириш) бўйича доимий фаолият юритувчи махсус комиссияси қарорига мувофиқ ҳудудий бошқарма бошлиғининг буйруғи асосида амалга оширилади. 

Ота-онанинг, фарзандликка олувчининг, васийлик ва ҳомийлик бўйича ваколатли давлат органи томонидан тайинланган васий ёки ҳомийнинг васийликка олинаётганни «Мурувват» болалар интернат уйига расмийлаштириш учун доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги туман (шаҳар) туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази бошлиғи номига аризаси, кундузги парваришлаш гуруҳига «Мурувват» болалар интернат уйи директори номига аризаси асосида Марказ васийликка олинувчилар ҳужжатларининг тўлиқлигини текшириб, уларни ҳар бир васийликка олинувчи бўйича алоҳида жилдларга жойлаштирган ҳолда ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб 10 кун ичида ҳудудий бошқармаларга юборади.

Chat