Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 1097 марта ўқилди

2024 йил 1 июлдан фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:

  • Адлия вазирлиги томонидан “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида “Мадад” ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;
  • ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.

Қуйидагилар адлия органларининг қўшимча фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
  • аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриб бориш;
  • жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
  • фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш. 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси амалга оширилиб, лойиҳа доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб боришга қаратилган қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилади.

Мактабларда 2024/2025 ўқув йилидан:
  • Адлия вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ҳамда уларни методик таъминлаш тизими йўлга қўйилади;
  • ўқувчилар ўртасида “Ҳуқуқ билимдони” фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ўртасида “Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси” кўрик-танлови ўтказиб борилади;
  • мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларни мустақил ўзлаштиришига қаратилган кўргазмали ўқув қўлланмалари, видеороликлар, компьютер ўйинлари ва мобиль иловалар яратилади.

2024 йил 1 июндан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишнинг янги тартиби жорий қилинади.

Бунда:
  • Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг фаолият йўналишларидан келиб чиқиб ҳуқуқий тарғибот материаллари тайёрланади ҳамда уларнинг энг қуйи бўғинигача Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали юборилади;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий ахборотни етказишга оид фаолияти рақамлаштирилади ва ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усуллари кенг татбиқ этилади;
  • давлат органлари ва ташкилотларида ўз фаолияти соҳасига оид ҳуқуқий ахборотларни аҳолига етказиш фаолиятини ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштиришга масъул бўлинмалар белгиланади;
  • давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш даражаси ва сифати улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

 

Маҳаллаларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ҳуқуқий тарғибот куни этиб белгиланди.

Ҳуқуқий тарғибот кунида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

  • “Online-mahalla” платформасига киритилган ва жойларда аниқланган муаммоларнинг ҳуқуқий ечимларига қаратилган манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш;
  • аҳоли учун энг долзарб масалаларни аниқлаш орқали улар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун имтиёзлар ва моддий ёрдам бериш, нафақа тайинлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, вақтинчалик иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам олиш тартиби бўйича тизимли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказиш;
  • кундалик ҳаётда энг кўп зарур бўладиган давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ҳамда улардан ЯИДХП (my.gov.uz) ва бошқа электрон ресурслар орқали фойдаланишнинг афзалликлари тўғрисида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш.
Chat