Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 1442 марта ўқилди

Яшаш гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда ID-картага алмаштирилади:
  • фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгарганида;
  • яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганида;
  • яшаш гувоҳномасидаги ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида;
  • яшаш гувоҳномаси бланкаси яроқсиз ҳолга келганида;
  • яшаш гувоҳномаси йўқотиб қўйилганида.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар яшаш гувоҳномаси амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг яшаш гувоҳномаси 1 ой муддатда ID-картага алмаштириши лозим.

Яшаш гувоҳномаси йўқотилганда, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс у йўқотилган жойдаги ички ишлар органига дарҳол маълум қилиши шарт.

Бундай ҳолларда ички ишлар органи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда янги ID-карта расмийлаштириб беради.

 Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномалари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда ўз кучини йўқотади:

  • чет эл фуқароси доимий яшаш учун чет элга кетганида;
  • фуқаролиги бўлмаган шахс чет элга кетганида — фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узрли сабабларсиз узайтирмаган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтиришдан воз кечган ҳолларда;
  • чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилганида ёки ўз мамлакати фуқаролигидан чиққанида;
  • фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси ёки чет эл фуқаролигини қабул қилганида;
  • яшаш гувоҳномасини ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олиш учун ёлғон маълумотлар ёхуд сохта ҳужжатлар тақдим қилинганда.    

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс вафот этган ҳолларда яшаш гувоҳномалари мавжуд бўлган тақдирда экстерриториал тамойил асосида исталган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларига, чет давлатларда эса — Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига топширилади, улар гувоҳномани ўлим рўйхатга олингандан кейин доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш жойидаги ички ишлар органларига юборади.

Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг яшаш гувоҳномаси терговга қадар текширув, суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Агар шахс суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилса, унинг яшаш гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментига юборилади.

  • Топиб олинган яшаш гувоҳномаси ички ишлар органларига топширилиши лозим.
  • Яшаш гувоҳномасини олиб қўйиш ман этилади (Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек, гаровга олиб туриш ва бошқа шахсга бериш тақиқланади.
  • Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс яшаш гувоҳномасини эҳтиёт қилишлари шарт.
Chat