Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11445 марта ўқилди

Муаллифлик шартномаси нима учун тузилади?

Муаллифнинг асардан фойдаланишга оид мулкий ҳуқуқлари, қонунда назарда тутилган истиснолардан ташқари, бошқа шахсга муаллифлик шартномаси орқали ўтказилади.

Шартнома:

  • мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш;
  • ёки мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни бериш тарзида тузилиши мумкин.

Агар шартномада бевосита бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ўтказилган ҳуқуқлар мутлақ бўлмаган ҳуқуқлар ҳисобланади.

Шартнома қандай шаклда бўлиши керак?

Муаллифлик шартномаси, қонунда назарда тутилган истиснолардан ташқари, ёзма шаклда тузилиши керак.

ЭҲМ учун дастур ёки маълумотлар базаси нусхасидан фойдаланишга оид айрим ҳолатларда шартнома шаклига нисбатан махсус қоидалар қўлланиши мумкин.

Шартномада нималарни аниқ белгилаш керак?

Шартномада, жумладан:

  • асардан фойдаланиш усуллари ва айнан қайси ҳуқуқлар ўтказилаётгани;
  • фойдаланиш учун ҳақ миқдори ёки уни аниқлаш тартиби;
  • ҳақ тўлаш тартиби ва муддати;
  • тарафлар келишган бошқа шартлар аниқ белгиланиши лозим.

Шартномада ўтказилаётган ҳуқуқ сифатида бевосита кўрсатилмаган ҳуқуқлар, қоида тариқасида, ўтказилмаган деб ҳисобланади.

Муддат кўрсатилмаган бўлса нима бўлади?

Агар шартномада асардан фойдаланиш ҳуқуқи қанча муддатга берилгани кўрсатилмаган бўлса, муаллиф шартнома тузилганидан 5 йил ўтгач уни бекор қилиши мумкин.

Бунинг учун фойдаланувчи шартнома бекор қилинишидан камида 6 ой олдин ёзма равишда огоҳлантирилиши керак.

Ҳудуд кўрсатилмаса-чи?

Агар шартномада ҳуқуқ амал қиладиган ҳудуд белгиланмаган бўлса, унга асосан берилган ҳуқуқнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан чекланади.

Муаллифлик шартномаси тузилаётганда муддат, ҳудуд ва фойдаланиш усулларини аниқ кўрсатиш шу сабабли муҳим.

Китоб, расм ёки бошқа моддий объект сотилса, муаллифлик ҳуқуқи ҳам ўтадими?

Йўқ. Асарга муаллифлик ҳуқуқи унинг моддий нусхасига бўлган мулк ҳуқуқидан алоҳида.

Китоб, картина, қўлёзма ёки бошқа моддий объектни сотиш ёки бошқа шахсга бериш ушбу объектда ифодаланган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқларини автоматик равишда ўтказмайди.

Эслатма: муаллифлик шартномасида «барча ҳуқуқлар берилади» деган умумий ибора билан чекланиб қолмасдан, қайси ҳуқуқ, қандай усулда, қайси ҳудудда ва қанча муддатга берилаётганини аниқ кўрсатиш мақсадга мувофиқ.

Chat