
2030 йил 1 январга қадар нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари барча турдаги солиқлардан, ижтимоий солиқ бундан мустасно, ҳамда йиғимлардан озод қилинади.
Ушбу ташкилотларда ишлаётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан озод этилади.
Солиқ имтиёзи — қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ тўлаш мажбуриятидан тўлиқ ёки қисман озод этиш.
2030 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган рўйхатлар асосида олиб кириладиган қуйидаги товарлар божхона тўловларидан озод қилинади:
— замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари;
— компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотлар;
— ўқув ва илмий-методик адабиётлар;
— анжомлар ва бошқа моддий-техник ресурслар.
Бунда божхона расмийлаштируви учун йиғим тўланади.
2025 йил 1 январдан нодавлат таълим ташкилотларига доимий педагогик фаолият учун жалб этилган хорижий мутахассисларга «А-2» ўқитувчилар кириш визаси берилади.
Шунингдек, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари жалб қилган хорижий мутахассисларга Ўзбекистонда меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома учун йиғим 30 БҲМдан 1 БҲМгача камайтирилган.
А-2 визаси — таълим ташкилотида педагогик фаолият олиб бориш учун жалб этилган хорижий мутахассисга бериладиган кириш визаси.