Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6261 марта ўқилди

Дўстимнинг автомашинасини бошқариш учун электрон ишончномани қаердан олиш мумкин?

Электрон ишончнома автомашина мулкдори томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилади.

Ишончнома қуйидаги муддатларга берилиши мумкин:

  • 1 ойга;
  • 6 ойга;
  • 3 йилгача.

Электрон ишончнома QR-кодли электрон ҳужжат сифатида шакллантирилади.

Электрон ишончнома билан автомашинани Қозоғистонга олиб чиқиш мумкинми?

Ҳа, агар ишончнома расмийлаштирилаётганда автомашина мулкдори «Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш ҳуқуқи берилади» деган шартни белгилаган бўлса, электрон ишончнома асосида автомашинани чет давлатга олиб чиқишга рухсат берилиши мумкин.

Агар мазкур ҳуқуқ ишончномада белгиланмаган бўлса, автомашинани Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш мумкин эмас.

Муҳим: электрон ишончномада чет давлатга олиб чиқиш ҳуқуқи бор-йўқлиги алоҳида кўрсатилиши шарт. Автомашинани оддий бошқариш ҳуқуқи уни автоматик равишда четга олиб чиқиш ҳуқуқини бермайди.

Қозоғистонга чиқишда яна қандай ҳужжатлар керак бўлади?

Ҳайдовчида қуйидаги ҳужжатлар бўлиши лозим:

  • амал қилувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси;
  • транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси;
  • QR-кодли электрон ишончнома;
  • автомашинани четга олиб чиқиш ҳуқуқи берилганини тасдиқловчи маълумот;
  • Қозоғистон ҳудудида амал қилувчи суғурта ҳужжати;
  • чегара ва божхона қоидаларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар.

Электрон ишончномани телефонда сақлаш билан бирга, унинг қоғозга чиқарилган нусхасини ҳам олиб юриш мақсадга мувофиқ.

Ушбу ишончнома автомашинани сотиш ҳуқуқини ҳам берадими?

Йўқ. Электрон ишончнома транспорт воситасини бошқариш учун берилади. У автомашинани:

  • сотиш;
  • ҳадя қилиш;
  • гаровга қўйиш;
  • бошқа шахсга қайта ишонч билдириш ҳуқуқини бермайди.

Тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 613-сон қарори ва Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш бўйича маъмурий регламентлар билан белгиланади.

Chat