Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3143 марта ўқилди

Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга жарима билан бирга жарима баллари ҳам ҳисобланиши мумкин. Баллар ЙҲХХнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги «E-jarimaball» модули орқали инсон омилисиз ҳисобланади.

Муҳим! Жарима баллининг ҳисобланиши ҳайдовчини қоидабузарлик учун белгиланган асосий жаримани тўлашдан озод қилмайди.

Жарима балларини текшириш

Ҳайдовчи ўзига ҳисобланган жарима баллари ҳақидаги маълумотларни:

орқали текшириши мумкин.

Хизматдан фойдаланиш учун OneID орқали шахсий кабинетга кириш талаб этилиши мумкин. Тизимда умумий балл, қоидабузарлик санаси ва балл ҳисоблашга асос бўлган қарор ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Жарима баллари қайси давр учун ҳисобланади

Жарима баллари ҳайдовчи балл назарда тутилган биринчи қоидабузарликни содир этган кундан бошлаб кейинги йилнинг шу кунига қадар ҳисобланади.

Агар ушбу даврда умумий жарима баллари 12 баллга етмаса, тўпланган баллар кейинги ҳисоблаш даврига ўтказилмайди ва ҳисоб янгидан бошланади.

Ҳайдовчининг баллари 8 баллга етганда, унинг мобиль телефон рақамига автоматик равишда SMS-хабар юборилади.

12 баллдан ошгандаги оқибатлар

Бир йиллик ҳисоблаш даврида умумий жарима баллари 12 баллдан ошса, ҳайдовчига маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги материаллар жиноят ишлари бўйича туман ёки шаҳар судига автоматик равишда юборилади.

Суд ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан камида 6 ой муддатга маҳрум қилиши мумкин.

Муҳим! Ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш автоматик равишда эмас, балки суд қарори асосида амалга оширилади.

Жарима балларининг камайтирилиши

Агар ҳайдовчи охирги жарима балли ҳисобланган вақтдан бошлаб 6 ой давомида балл ҳисобланадиган бошқа қоидабузарликни содир этмаса, унинг умумий балларидан 2 балл чегирилади.

Умумий балл 2 баллдан кам бўлса, барча баллар чиқариб ташланади ва ҳисоблаш даври янгидан бошланади.

Шунингдек, 12 ой давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчига кейинги ҳисоблаш даврида биринчи марта содир этилган қоидабузарлик учун жарима балли ҳисобланмайди. Бироқ ҳайдовчи асосий жаримадан озод этилмайди.

Баллар нотўғри ҳисобланганда

Техник хатолик юз берган, баллар белгиланган тартиб бузилган ҳолда ҳисобланган ёки қоидабузарликни бошқа шахс содир этган бўлса, ҳайдовчи ЙҲХХнинг тегишли бўлинмасига мурожаат қилиши мумкин.

ЙҲХХ қарорига рози бўлмаган шахс юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Қоидабузарлик тўғрисидаги қарор бекор қилинса, тегишли жарима балли автоматик равишда ҳисобдан чиқарилади.

Жарима балларини ҳисоблаш тартиби ва баллар миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 майдаги 296-сон қарорида белгиланган.

Chat