Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 21935 марта ўқилди

Рухсатнома қачон талаб этилади?

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ҳайвонни табиий муҳитдан олиш учун махсус рухсатнома талаб этилади.

Рухсатнома жисмоний ва юридик шахсларга жорий йил учун тасдиқланган квоталар доирасида берилади.

Аризада қандай маълумотлар кўрсатилади?

Аризада, жумладан:

  • талабгор ҳақидаги маълумотлар;
  • олиниши режалаштирилаётган ёввойи ҳайвон тури;
  • фойдаланиш мақсади;
  • ҳайвонни олиш муддати ва жойи;
  • олиш усули;
  • тирик ҳайвон тутиладиган бўлса, уни сақлаш шароитлари кўрсатилади.

Ов қилиш билан боғлиқ ҳолларда қонунчиликдаги овчилик талабларига ҳам риоя қилиниши шарт.

Аризани кўриб чиқиш учун қанча тўланади?

Аризани кўриб чиқиш учун:

  • Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахсдан — БҲМнинг 10 фоизи;
  • юридик шахсдан — БҲМнинг 20 фоизи;
  • хорижий фуқародан — 10 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Ҳайвонни табиий муҳитдан олиш учун тўлов эса унинг турига қараб «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Қонунда белгиланган ставкалар асосида ҳисобланади.

Ариза қанча вақтда кўриб чиқилади?

Аризани кўриб чиқиш муддати — 15 иш куни.

Рухсатнома бериш масаласи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилади. Келишиш учун 5 иш куни белгиланган.

Рухсатнома ҳар қандай миқдорда ҳайвон олишга имкон берадими?

Йўқ. Рухсатнома фақат жорий йил учун белгиланган квота, рухсатномадаги тур, сони, жойи, муддати ва бошқа шартлар доирасида амал қилади.

Эслатма: Қизил китобга киритилган ҳайвонни табиий муҳитдан рухсатномасиз олиш мумкин эмас. Рухсатнома берилган тақдирда ҳам унда белгиланган квота ва шартлардан четга чиқишга йўл қўйилмайди.

Chat