
Болалар умумтаълим мактабининг 1-синфига 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.
2026/2027 ўқув йилида 2019 йил 31 декабрга қадар туғилган болалар 1-синфга қабул қилинади.
1-синфга қабул икки босқичда амалга оширилади:
— 20 июндан 31 июлгача — боланинг микроҳудуди бўйича;
— 1 августдан 15 августгача — микроҳудуддан ташқаридаги мактабларда мавжуд бўш ўринларга.
Электрон давлат хизмати кўрсатиладиган ҳудудларда ариза ЯИДХП ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли электрон портали орқали берилади. Қабул хизмати бепул.
Микроҳудуд — муайян умумтаълим мактабига бириктирилган ҳудуд.
Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган ва ҳақиқатда шу ҳудудда яшайдиган оиланинг фарзанди ўзига бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлаштирилади.
Турган жойи бўйича вақтинча рўйхатдан ўтган оила фарзанди эса 1 августдан кейин, микроҳудуддан ташқари бўш ўринлар мавжуд бўлса қабул қилинади. Бу қоида 2026 йил 5 майдан янги таҳрирда амал қилмоқда.
Электрон сўровнома ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилади.
Аризада нотўғри маълумот кўрсатилиши давлат хизматини рад этиш учун асос бўлади. Камчилик бартараф этилгандан кейин қайта ариза бериш мумкин.
Умумий қоидага кўра, болалар 1-синфга тайёргарлик даражасидан қатъи назар, танловсиз қабул қилинади. Қонунчиликда алоҳида тартиб белгиланган ихтисослаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно.
Электрон давлат хизмати жорий этилмаган ҳудудларда ота-она ёки қонуний вакил мактабга белгиланган тартибда мурожаат қилади.
Қонуний вакил — боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун асосида ифодаловчи ота-она, васий, ҳомий ёки бошқа ваколатли шахс.