Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16881 марта ўқилди

Ким мурожаат қилиши мумкин?

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ёки бутани кесиш ёхуд қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кўчириб ўтказиш зарурати бўлган жисмоний ва юридик шахслар рухсатнома олиш учун мурожаат қилиши мумкин.

Ариза электрон тарзда «Лицензия» ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Аризани кўриб чиқиш қанча туради?

Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 30 фоизи миқдорида йиғим тўланади.

Рухсатнома берилганда дарахт ёки бутанинг тури ва ўлчамларига қараб белгиланган ставкалар асосида алоҳида тўлов ҳисобланиши мумкин.

Ариза қанча вақтда кўриб чиқилади?

Аризани кўриб чиқиш муддати — 5 иш куни.

Дарахтни кесиш масаласи кўриб чиқилганда уни сақлаб қолиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш имконияти ҳам баҳоланади.

Шохларни буташ учун ҳам рухсатнома керакми?

Дарахт ва буталарнинг шохларини санитария мақсадида кесиш ёки буташ учун рухсатнома талаб этилмайди.

Бироқ дарахтнинг танасини ёки таг қисмини бутунлай кесиш шохларни оддий санитария тартибида буташдан фарқ қилади ва қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилишни талаб этади.

Кесилган дарахт ўрнига кўчат экиш керакми?

Ҳа. Рухсатнома асосида кесилган ҳар бир дарахт ёки бута учун компенсация тарзида 10 туп йирик ўлчамли, қимматлилиги кесилган ўсимликдан кам бўлмаган кўчат экиш ва уларни камида 2 йил парвариш қилиш талаб этилади.

Рухсатнома асосида кўчириб ўтказилган ҳар бир дарахт ва бута эса 3 йил давомида парвариш қилиниши керак.

Эслатма: аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган 30 фоиз БҲМ йиғими рухсатнома асосида кесиш учун ҳисобланиши мумкин бўлган бошқа тўловлардан алоҳида ҳисобланади.

Chat