Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 127 марта ўқилди
Адлия вазирлиги Олий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари бўйича индикаторларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами: 3732-сон, 23.12.2025 й.).

“Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 58-моддасига кўра, олий таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва таълим дастурларига мувофиқлик жиҳатдан комплекс давлат аккредитациясидан ўтказилади.

Мазкур идоравий ҳужжат билан 8 та йўналиш доирасидаги 47 та мезон бўйича олий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда фойдаланиладиган 271 та индикатор белгиланмоқда.

Унга кўра, 19 та (7 %) мажбурий индикаторлар (индексацияланган маълумотлар базаларидан фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги, антиплагиат тизими жорий этилганлиги ва б.) ҳамда 252 та (93 %) умумий индикаторлар (натижаларга эришган тюторларнинг рағбатлантириб борилганлиги, талабаларнинг стартап лойиҳалари ва рационализаторлик ғоялари учун танловларнинг ташкил этилганлиги ва б.) мавжуд бўлиб, “мувофиқ” ёки “мувофиқ эмас” тарзида баҳоланади.

Бунда:

▪️ 50 % гача индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон “мувофиқ эмас”;
▪️ 50 % дан 70 % гача индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон “қисман мувофиқ”;
▪️ 70 % ва ундан ортиқ индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон “мувофиқ” деб топилади.

✅ Мажбурий индикатор “мувофиқ эмас” деб баҳоланса, умумий натижадан қатъи назар, мезон “мувофиқ эмас” деб топилади.

Chat