Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7 марта ўқилди

Болаларга бепул ва хавфсиз юридик ёрдам кўрсатилади

«Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти ва UNICEF (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигида зўравонликдан жабрланган ёки оилавий низоларга жалб этилган болаларга бепул юридик ёрдам кўрсатишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида болаларга ваучер тизими орқали махсус тайёргарликдан ўтган малакали адвокатлар томонидан гендер жиҳатдан сезувчан, болаларга дўстона ва хавфсиз юридик ёрдам кўрсатилади.

Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Адвокатлар палатаси, Аёл адвокатлар альянси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкор ташкилотлар сифатида иштирок этмоқда.

Юридик ёрдам махсус танлаб олинган 10 нафар адвокат, жумладан 8 нафар аёл ва 2 нафар эркак адвокат томонидан кўрсатилади.

Қандай ҳолатларда юридик ёрдам олиш мумкин?

Лойиҳа доирасида қуйидаги ҳолатлар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатилиши мумкин:

Жиноят ишлари бўйича:

  • боланинг жисмоний зўравонликдан жабрланиши;

  • психологик зўравонликка учраши;

  • эксплуатация ёки одам савдосидан жабрланиши;

  • таҳқирлаш ёки кибертаҳқирлашга учраши;

  • оилавий ёки маиший зўравонликдан жабрланиши.

Фуқаролик ишлари бўйича:

  • боланинг қайси ота-она билан яшашини белгилаш;

  • болани тарбиялашда иштирок этишга тўсқинликларни бартараф этиш;

  • бошқа шахслар тарбиясида бўлган болани ота-онасига қайтариш;

  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, чеклаш ёки тиклаш;

  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмаган ҳолда болани ота-онадан олиб қўйиш;

  • фарзандликка олишни бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низолар.

Юридик ёрдам қандай кўрсатилади?

Мурожаат ўрганиб чиқилганидан сўнг, лойиҳа талабларига мос келган ҳолатлар бўйича бола ёки унинг қонуний вакилига малакали адвокат жалб қилиниши мумкин.

Адвокат томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдам бепул бўлиб, адвокатлик хизмати учун тўлов лойиҳа маблағлари ҳисобидан қопланади.

Мазкур лойиҳа болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг одил судлов ва малакали юридик ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Қўшимча маълумот

Қўшимча маълумот олиш учун +998 (71) 256-52-53 телефон рақамига мурожаат қилинг.

Chat