Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33 марта ўқилди

Хизмат сафари деб ходим хизмат топшириғини бажариш учун доимий иш жойи бўлмаган бошқа жойга маълум муддатга юборилиши тушунилади.

Хизмат сафарига раҳбарнинг буйруғи асосида юборилади ҳамда хизмат сафари гувоҳномаси расмийлаштирилади.

Ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди

Хусусиятига кўра доимий иши йўлда ёки кўчиб юриш билан боғлиқ бўлган ёхуд доимий ҳаракатланувчи тусга эга бўлган фаолият хизмат сафари ҳисобланмайди.

Хизмат сафари муддатлари

Хизмат сафари муддати йўлдаги вақтни ҳисобга олмаган ҳолда 40 кундан кўп бўлмаслиги керак.

Монтаж, созлаш ва қурилиш ишларини бажариш учун хизмат сафари эса 12 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

2 ойдан ортиқ муддатда хизмат сафарида бўлган вақт учун кундалик харажатлар ўрнига иш ҳақи ёки лавозим маошига тариф ставкасининг 50% миқдорида устама белгиланади.

Қуйидаги ходимларга кундалик харажатлар ўрнига тариф ставкасининг ёки лавозим маошининг юқоридаги миқдорларида устамалар тўланмайди:

  • монтаж, созлаш ва қурилиш ишлари амалга ошириладиган жойда ишга олинган;
  • амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган шартлар асосида бошқа жойга ўтказиш тартибида юборилган;
  • меҳнат таътилида бўлган вақтда, шунингдек сабабсиз ҳолда ишга чиқмаган кунларда;
  • улар томонидан монтаж, созлаш ва қурилиш ишлари амалга ошириладиган жойдан ташқарида давлат ёки жамоат ишларини бажариш вақтида;
  • монтаж, созлаш ва қурилиш ишларини назорат қилиш учун хизмат сафарига юборилган.

Хизмат сафари муддатини ташкилот раҳбарининг ёзма рухсатномасига асосан узайтириш мумкин.

Хизмат сафари харажатларини қоплаш

Хизмат сафари билан боғлиқ бўлган барча йўл харажатлари қопланади (таксидан ташқари), шу жумладан:

  • транспортда йўловчиларни мажбурий давлат суғурталаш бўйича тўловлар;
  • йўлда юриш ҳужжатларини олдиндан сотиш, самолёт ва поездларда жойларни бронлаш хизматлари бўйича тўловлар (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда);
  • йўлда кўрпа-тўшак буюмларидан фойдаланганлик учун харажатлар (тасдиқловчи ҳужжатларсиз);
  • истисно тариқасида (кечки поезд, умумий фойдаланиладиган транспорт йўқ бўлган тақдирда) ташкилот раҳбарига таксида юрганлик учун ҳақ тўлаш ҳуқуқи берилади;
  • турар жойни ижарага олиш бўйича харажатлар, шунингдек тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда меҳмонхоналарда кўрсатиладиган қўшимча хизматлар (жойларни бронлаш, дазмолдан фойдаланиш, сақлаш камерасидан, телевизор, музлатгич, идиш-товоқ, алоқа хизматидан фойдаланиш);
  • люкс-номерларда яшаганликни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлса номер қийматининг 70 фоизи қопланади;
  • турар жойни ижарага олганлик бўйича харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, ҳар бир сутка учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорини 20 фоизи миқдорида қопланади;

  • кундалик харажатлар хизмат сафарига юборилган ишларга жамоа шартномалари кўзда тутилган миқдорларда, лекин  ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициентлардан кам бўлмаган ҳолда белгиланади:(Тошкент шаҳрида, шаҳарлар - вилоятлар марказларида - 0,1; бошқа шаҳарлар ва аҳоли яшайдиган пунктларда - 0,08);

  • ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар.

Chat