Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашда жамоатчилик назоратининг аҳамияти қандай?

  • 22.10.2021
  • 493 марта ўқилди

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини, шу жумладан, жазони ижро этувчи органлар фаолиятини демократлаштириш борасида бир қатор ташкилий
чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, кейинги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.  

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва уни ҳимоя қилиш борасидаги мавжуд муаммолар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш, озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо муддатини ўтаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, Жиноят-ижроия кодексини янги таҳрирда ишлаб чиқиш, унда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мос тарзда маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш каби муҳим вазифалар назарда тутилган.  

Шубҳасиз, ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ва бу борада самарали жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминлайди.

Шунингдек, амалда миллий превентив механизмни халқаро стандартлар асосида изчил ривожлантириш жазо ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.

Қолаверса, бу механизмни такомиллаштириш нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа  институтлари ролини ҳам ошириб боришни тақозо этади.  

Шунга кўра, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини ўрганиш натижасида аниқланган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан қуйидаги таклифларни илгари суришни лозим деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, амалдаги Жиноят-ижроия кодексида жиноий жазоларни ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этувчи муассасалар ва органлар фаолияти устидан фақатгина прокурор назорати хусусида сўз юритилган бўлиб, унда «жамоатчилик назорати» тушунчаси ва бундай назоратни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари кўрсатилмаган.  

Қонунчилигимиздаги бундай ҳуқуқий бўшлиқ жазони ижро этувчи муассасалар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш имконини бермайди.  

Шу сабабли, жазо ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш, бунинг учун улар томонидан жамоатчилик назоратини самарали амалга оширилишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш мақсадида, амалдаги Жиноят-ижроия кодексига «жамоатчилик назорати» тушунчаси ва бундай назоратни олиб боришнинг ҳуқуқий асосларини назарда тутувчи нормалар киритилиши таклиф этилади.  

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 февралдаги 85-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифи Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг рухсати билан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.  

Бундай рухсатномани олиш тўғрисидаги мурожаат у тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида кўриб чиқилади ва ушбу Низомда назарда тутилган асосларга кўра, рухсатномани бериш рад этилиши ҳам мумкин.  

Шунингдек, ушбу учрашув (ташриф)лар жазони ижро этиш муассасасининг масъул ходимлари назорати остида ўтказилади.

Ушбу тартиб жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳкум билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг учрашувини тезкорликда ва холисона ўтказиш имконини бир мунча чеклайди.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларидан ташқари, шахс мажбурий тартибда ушлаб туриладиган бошқа муассасалар (вақтинча сақлаб туриш ва тергов ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари)га кириш тартиби назарда тутилмаган.

Шу сабабли, ишлаб чиқилиши режалаштирилган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасида жамоатчилик палатаси аъзолари нафақат жазони ижро этиш муассасалари, балки шахс мажбурий тартибда ушлаб туриладиган барча муассасалар (вақтинча сақлаб туриш ва тергов ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари)га ҳеч қандай монеликсиз кириши, бундай жойларда сақлаб турилган шахслар билан холи учрашиш ҳуқуқига эга эканлигини назарда тутувчи нормалар киритилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ўз  навбатида, келгусида бундай ваколатнинг давлат органлари билан бир қаторда жамоатчилик палатаси вакилларига ҳам берилиши, ушлаб турилган ёки қамоқда сақлаш жойларида бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.  

Учинчидан, суд-ҳуқуқ масалаларига оид кўриб чиқилаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини шахснинг судланганлик ҳолати билан боғлиқ саволлар ташкил этмоқда.  

Маълумки, судланганлик ҳақида маълумотнома бериш хизмати давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ички ишлар вазирлигинингТезкор-маълумотлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Таҳлилларга эътибор қиладиган бўлсак, судланганлик ҳолати бўйича кўплаб фуқароларни қийнаб келаётган муаммо шундан иборатки, масалан,бундан 5-10 йил илгари судланган шахс унинг судланганлик ҳолати тугалланган ёки белгиланган тартибда олиб ташланган бўлсада, ички ишлар вазирлиги тегишли бўлинмаларидан берилаётган маълумотларда, уларнинг ҳанузгача муқаддам судланганлиги тўғрисидаги ёзувлар қайд этиб келинмоқда.  

Бундан ташқари, шахснинг судланганлик ҳолатини муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисидаги суд ажримлари белгиланган тартибда ички ишлар органларига юборилиши лозим бўлсада, бундай ажримлар ҳамма вақт ҳам ушбу органларга келиб тушмаслиги каби ҳолатлар учраб туради.

Албатта, фуқароларнинг бундай мурожаатлари юзасидан уларга Жиноят кодексининг 77-79-моддаларига мувофиқ ҳуқуқий тушунтиришлар бериб келинмоқда.

Аммо, шунга қарамасдан, фуқароларнинг судланганлик ҳолати бўйича турли давлат идораларига тушунтириш беришни сўраб,қайта-қайта мурожаат қилишларининг олдини олиш мақсадида, ички ишлар органлари томонидан муқаддам судланган шахсларга оид маълумотлар базаси доимий равишда таҳлил қилиниб, судланганлик ҳолати ҳақидаги маълумотларга қонунда назарда тутилган муддат ўтиб кетганлиги ёки судланганлиги белгиланган тартибда олиб ташланганлиги сабабли, шахснинг ҳозирги кунда судланмаган шахс деб ҳисобланиши тўғрисидаги ёзувларни киритиб бориш амалиётини жорий этиш таклиф қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, амалдаги қонун ҳужжатларига юқорида баён этилган таклифларнинг киритилиши, авваламбор, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, қолаверса, мажбурий тартибда сақлаб турилган, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган ҳамда муқаддам судланган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини халқаро стандартларга мувофиқ таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.  

    

 Тўлқин Турсунов,

«Мадад» ‑ муассаса  

шаклидаги нодавлат нотижорат   ташкилоти ижрочи директори

Chat