Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ҳисобварақ-фактура реестрларини чоп этиш талаби бекор қилинди

  • 09.11.2026
  • 71 марта ўқилди

2026 йил 6 ноябрда солиқ ҳисоботи шаклларига киритилган ўзгартишлар кучга кирди. Қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) соддалаштирилган тартибда ҳисоблаш ва тўлаш учун ҳисобот шакллари тасдиқланди, юридик шахсларнинг ер солиғи ҳисоботига эса янги бўлимлар қўшилди.


Реестрларни қоғозда расмийлаштириш

Товар ва хизматлар бўйича ҳисобварақ-фактура реестрларини солиқ даври тугаганидан кейинги ойнинг 15-кунигача чоп этиш, варақларини рақамлаш, тикиш ва муҳр мавжуд бўлса, муҳрлаш мажбурияти бекор қилинди.

Электрон шаклда юритилган қўшимча варақларни ҳам чоп этиб, тегишли солиқ даври реестрига илова қилиш талаб этилмайди.

Соддалаштирилган ҚҚС учун ҳисобот шакллари

Асосий фаолияти умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш бўлган тадбиркорлик субъектлари 2030 йил 1 январга қадар соддалаштирилган тартибни ихтиёрий танлаши мумкин. Давлат улуши 50 фоиз ёки ундан юқори бўлган корхоналар ва йирик солиқ тўловчилар бундан мустасно.

Соддалаштирилган тартибда товарлар ва хизматларни сотиш бўйича барча айланмага ҚҚСнинг 6 фоизлик ставкаси, фойда солиғига эса 0 фоизлик ставка қўлланади.

Тадбиркор ушбу тартибга ўтиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабарнома юборади. Янги тартиб хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан қўлланади. Бу тартибда харид қилинган товар ва хизматлар учун тўланган ҚҚС ҳисобга олинмайди.

Ер солиғи ҳисоботидаги янги бўлимлар

Юридик шахсларнинг ер солиғи ҳисоботига «Солиқ солинадиган база» ва «Самарасиз фойдаланишдаги ерлар» бўлимлари киритилди.

Ҳуқуқий асос — 2026 йил 5 ноябрда 3221-10-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Солиқ қўмитаси қарори ва 2026 йил 26 майдаги ПФ–100-сон Президент фармони.

Chat