Мазкур тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг «Ишончли ҳуқуқ: адолат ва қонунийлик» лойиҳаси доирасида «Коррупциясиз хизмат» мавзусида ўтказилди.

Тадбирда «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти бўлим бошлиғи Жамшид Файзиев, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратурасининг «Бошқарув фанлари» кафедраси профессори, Турон фанлар академияси академиги Шариф Қобилов, шунингдек, Шофиркон тумани адлия органлари, ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Давлат солиқ инспекцияси ҳамда «Мадад» ННТ вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида коррупциянинг олдини олиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш, хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариш, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларига қатъий риоя этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, коррупциянинг жамият тараққиётига, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончига ва уларнинг қонуний манфаатларига салбий таъсири, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида хотин-қизлар билан ҳам алоҳида ҳуқуқий-маърифий мулоқот ташкил этилди. Унда иштирокчиларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат этиш тартиби бўйича тушунтиришлар берилди. Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган савол-жавоблар жараёнида хотин-қизларни қизиқтирган ҳуқуқий масалалар юзасидан изоҳлар берилди.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, қонунийлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, бу борада давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.