Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Реабилитация марказларига йўлланма электрон навбат асосида берилади

  • 18.11.2026
  • 72 марта ўқилди

Ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг қонуний вакиллари реабилитация ва протезлаш марказига йўлланма олиш учун онлайн ёки бевосита мурожаат қилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш, йўлланма бериш ва йўлланма асосида кўрсатиладиган реабилитация хизматлари бепул.


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган низом 2026 йил 13 ноябрда 3974-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди ва 14 ноябрда кучга кирди.

Йўлланма олиш учун қаерга мурожаат қилинади?

Аризани my.gov.uz портали, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, ижтимоий ходим ёки бевосита оилавий шифокор орқали бериш мумкин. Ариза берувчи рўйхатдан ўтган ҳудудига хизмат кўрсатувчи марказ ёки Миллий марказни, шунингдек, хизматни амбулатор ёки стационар шароитда олишни танлайди.

Оилавий шифокор шахс хабардор қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида тиббий кўрик ўтказади. Ногиронлик белгиланишига асос бўлган касаллик бўйича тиббий кўрсатма мавжуд бўлса ва қарши кўрсатма аниқланмаса, шифокор электрон йўлланма расмийлаштиради.

Йўлланма қанча вақт оралиғида берилади?

 

        Ногиронлик белгиланган муддат                 Амбулатор Стационар
Муайян муддатга         Календарь йилида 3 марта         Ҳар 6 ойда 1 марта
Муддатсиз Календарь йилида 2 марта         Календарь йилида 1 марта        

 

Ҳар бир йўлланма бўйича реабилитация амбулатор шароитда 1 ой, стационар шароитда эса 12 кунгача давом этади.

Навбатни реал вақтда кузатиш мумкин

«Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими марказнинг қабул имконияти ва бўш ўринларига қараб навбатни автоматик шакллантиради. Навбатдаги ўринни my.gov.uz ёки мурожаатни қабул қилувчи ходимлар орқали билиш мумкин.

Йўлланмада кўрсатилган санага 10 кун қолганда ариза берувчига СМС ёки портал орқали хабар берилади. Белгиланган куни келинмаса, шахс навбат охирига ўтказилади. Такрорий навбатда ҳам келинмаса, йўлланма бекор қилинади ва қайта мурожаат қилиш мумкин.

Расмий манба — 3974-сон билан рўйхатдан ўтказилган низом, Lex.uz

Chat