Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Спорт иншоотларини MySport орқали банд қилиш мумкин бўлади

  • 18.11.2026
  • 66 марта ўқилди

MySport иловаси орқали спорт иншоотини танлаш, банд қилиш ва тўловни амалга ошириш имконияти яратилади. Мактабларда спорт тўгараклари кўпайтирилади, мусобақа ғолиблари ва совриндорларига эса QR-кодли электрон диплом ва сертификатлар берилади.


Президентнинг 2026 йил 16 ноябрдаги ПҚ–396-сон қарори билан жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш устувор йўналиш этиб белгиланди. «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизими давлат ташкилотларининг бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.

MySport орқали спорт иншоотини танлаш ва тўлаш мумкин бўлади

Иловада пулли спорт хизматларини кўрсатувчи давлат ва нодавлат ташкилотлари иншоотларини соатлик, кунлик, ойлик ёки йиллик тариф бўйича банд қилиш ва тўловни амалга ошириш имконияти яратилади.

Фойдаланувчилар спорт турлари, иншоотлар манзили, тарифлар, акциялар ва ташкилотлар рейтингини кўриши мумкин бўлади. Давлат спорт ташкилотлари иншоотларини ижарага беришдан тушадиган маблағлар ҳам тизим орқали назорат қилинади.

2027 йил 1 январдан спорт мусобақалари ғолиблари ва совриндорларига диплом ва сертификатлар «ERP sport» орқали QR-код билан электрон шаклда берилади.

Мактабларда камида биттадан спорт тўгараги йўлга қўйилади

«Мактабдан Спорт академиясигача» ғояси доирасида умумтаълим муассасаларига спорт мактаблари бириктирилиб, яккакураш ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича камида биттадан тўгарак ташкил этилади. Мактаблар қошидаги спорт клублари тармоғи кенгайтирилади ва жисмоний тарбия ўқитувчилари фаолияти ривожлантирилади.

Спорт вазирлиги тизимидаги республика олий спорт маҳорати мактаблари негизида Олимпия терма жамоалари маркази ташкил этилади.

ПҚ–396-сон қарор, Lex.uz

Chat