“Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармон билан 2021 йил 1 июндан давлат хизматлари кўрсатиш ва ортиқча тартиб-тамомилларни қисқартириш бўйича қуйидаги енгилликлар яратилмоқда:
Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар фуқаролардан талаб қилинмасдан электрон тизими орқали олинади.
Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларнинг вакилига давлат хизматларидан фойдаланиш учун йиғим ва давлат божини нақд пул шаклида тўлашга рухсат берилди.
Шунингдек, хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимини аккредитация қилишда ОИТС касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.
QR-код (матрик штрихли код) орқали берилган ҳужжатлар бўйича уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинди. Эндиликда ушбу ҳужжатларнинг дубликатини ЯИДХП орқали бепул олиш мумкин.
450 дан ортиқ қонун ҳужжатида белгиланган 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди, ушбу ҳужжатлар ваколатли давлат органи томонидан “Электрон ҳукумат” платформаси орқали олинади.
8 турдаги маълумотларни ва ҳужжатларни идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда “Электрон ҳукумат” тизими орқали бериш йўлга қўйилади. Натижада аҳолининг идорама-идора сарсон бўлиб юриши олди олинади.