Хизмат вазифаларини ёки хизмат топшириғини бажариш тартибида яратилган асар, хизмат асари ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 34-моддасига мувофиқ хизмат асаридан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар, агар муаллиф билан иш берувчи ўртасидаги шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, иш берувчига тегишлидир.
Демак, ўз хизмат фаолияти давомида яратилган ҳар қандай муаллифлик ҳуқуқи объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқлар (асарни такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш, v.k.) иш берувчига тегишли бўлади. Асарга бўлган шахсий номулкий ҳуқуқи (асар муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи) асар яратувчининг ўзида сақланиб қолади.
Мисол учун «АБС» телеканалида ишловчи шахс бир неча кўрсатувларга асос солган бўлишидан қатъи назар ушбу кўрсатувларган бўлган мутлақ ҳуқуқлар «АБС» телеканалига тегишли бўлади. Бироқ «АБС» телеканали ҳамда кўрсатувлар асосчиси сифатида кўрсатилган шахс ўртасида тузилган меҳнат шартномасида кўрсатувларга бўлган мутлақ ҳуқуқлар шахсга тегишли бўлиши назарда тутилса, мутлақ ҳуқуқлар шахсга тегишли бўлади.
Қонунга асосан Иш берувчи томонидан хизмат асарига бўлган мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланиш муддати 10 йил ҳисобланади ҳамда муаллиф асар ошкор қилинган вақтдан эътиборан ўн йил ўтганидан кейин, иш берувчининг розилиги билан эса ундан ҳам олдинроқ асардан фойдаланиш ва муаллифлик ҳақини олиш ҳуқуқини тўлиқ ҳажмда қўлга киритади.