Маълумот учун: 2005 йилда Конрад Аденауэр жамғармаси Осиё мамлакатларида қонун устуворлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича минтақавий дастурни ишга туширди. Осиёда Қонун устуворлиги дастури бешта минтақавий дастурдан биридир.
Конрад Аденауэр жамғармасининг узоқ муддатли мақсади – демократик ҳукуматнинг асосий элементи сифатида қонун устуворлигига асосланган самарали ҳуқуқий тизимни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборат.
Осиёда Қонун устуворлиги дастури мамлакатлар ичида ва улар ўртасида ислоҳотлар ва маслаҳатлашувларга катта эҳтиёж бўлган қуйидаги соҳаларга эътибор қаратади:
• Конституциявий ҳуқуқ ва демократияни ривожлантириш
• Процессуал ҳуқуқ
• Инсон ҳуқуқлари ва озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
• Самарали бошқарув ва коррупциянинг олдини олиш
• Суд ҳокимияти мустақиллиги
Дастурнинг асосий мақсади ушбу соҳалар бўйича ҳудудий семинарлар, мулоқотлар, тадқиқот ва тренинглар орқали қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Учрашув давомида “Мадад” ННТ ижрочи директори Т.Турсунов меҳмонни ташрифи билан самимий қутлаб, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ҳамда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкилот ва унинг туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилиб, аҳолига ҳуқуқий масалалар бўйича беғараз ёрдам кўрсатиб келаётганлигини маълум қилди.
Шунингдек, Т.Турсунов “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали, ундан фойдаланувчилар учун яратилган қулайлик ва имкониятлар ҳамда фуқароларнинг бевосита ва онлайн шаклдаги мурожаатлари билан ишлаш тартиб-таомиллари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида, Осиёда Қонун устуворлиги дастури директори Ш.Самсе, қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон ҳудуди ва аҳолисининг сони жиҳатидан катта мамлакат эканлиги, шунга кўра, марказдан олис ҳудудлар ва қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйилганлиги муҳим ва самарали ташаббуслардан бири эканлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали фуқаролар ўзлари учун зарур ҳуқуқий ахборотга эга бўлишлари ва онлайн шаклдаги мурожаатларига тезликда жавоб олишлари, порталдан фойдаланувчилар учун яратилган инновацион усуллардан бири эканлигини қайд этди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашдилар, ташкилот фаолиятига халқаро экспертларни жалб қилиш орқали янги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келгусидаги истиқболли режалар ҳақида келишиб олдилар.