Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тарафларнинг келишув битими тузиш ҳуқуқи белгиланди

  • 28.04.2023
  • 550 марта ўқилди

Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилди. 

Жумладан, тарафларнинг келишув битими тузиш ҳуқуқи белгиланди. Унга кўра:

  • тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин; 
  • тарафларнинг келишуви фақат уларнинг низоли оммавий ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бўлиши ҳамда тарафларнинг ўзаро ён беришига йўл қўйилган тақдирда амалга оширилиши мумкин;
  • келишув битими ёзма шаклда тузилади ва уни тузган шахслар томонидан имзоланади;
  • келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган деб ҳисобланади.

Шунингдек, киритилган ўзгартиришга мувофиқ, маъмурий суд ишларини юритиш суднинг фаол иштироки асосида амалга оширилади.

Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, аризалари, илтимосномалари, улар томонидан тақдим этилган далиллар ва ишнинг бошқа материаллари билан чекланмасдан маъмурий ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширади. 

Суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далиллар тўплайди, шунингдек маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни бажаради.

Шунингдек, судга аризачи ариза (шикоят) билан бир қаторда аризада кўрсатилган талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақли.

Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги аризалар (шикоятлар) бўйича талаб суммасининг 2 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади.

Chat